Англиянинг “Манчестер Сити” клуби “Порту” дарвозабони Диогу Коштани харид қилиш бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Манбага кўра, 25 ёшли дарвозабоннинг амалдаги шартномасида кўрсатилган товон пули 75 миллион еврони ташкил этади ва “шаҳарликлар” бу суммани тўлашга тайёр. Коштанинг ўзи ҳам Англия клубига кўчиб ўтишга рози экани айтилмоқда.
Аввалроқ “Манчестер Сити” посбони Эдерсоннинг клубдан кетиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ у яқинда янги мавсумда ҳам жамоада қолишини маълум қилди. Шунга қарамай, бош мураббий Пеп Гвардиола дарвоза чизиғида юзага келган муаммоларни бартараф этиш учун Коштани харид қилишдан манфаатдор. Сабаби, Эдерсон ўтган мавсумнинг бир қатор ўйинларини жароҳат сабабли ўтказиб юборган, захира посбони Стефан Ортега эса бир нечта хатоларга йўл қўйган. Шу боис Гвардиола жамоага яна бир дарвозабон олиб келишни истамоқда.
Диогу Коштанинг “Порту” билан тузган шартномаси 2027 йилгача мўлжалланган. У 2024/25 йилги мавсумда жами 43 та ўйинда майдонга тушиб, 45 та гол ўтказиб юборган ва 19 ўйинда эса ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. Transfermarkt портали футболчининг қийматини 40 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)