Украина президенти Владимир Зеленский Россия армияси кунига мингта дрон учиришга тайёрланаётганини айтди. Бу ҳақда у Римдаги Украинани тиклаш бўйича конференцияда маълум қилди.

Зеленскийнинг айтишича, Россиянинг асосий мақсади — узоқ давом этувчи ҳаво тревогалари орқали Украина жамиятида ваҳима ва беқарорлик уйғотишдир. Бироқ Украина бу таҳдидларга қарши самарали воситаларга эга ва ҳужумларга муносиб жавоб қайтаради.
Уларнинг (россияликларнинг) иккинчи режаси кунига 700 дан 1000 тагача дрон учириш. Биз уларнинг барчасини уриб туширамиз, деди Зеленский.
У Shahed дронларига қарши курашишда самарадорлиги исботланган технологиялар мавжудлигини айтди. Украина ҳам бундай дронларни оммавий ишлаб чиқаришга қодирлиги, аммо бунинг учун етарли молиялаштириш зарурлигини таъкидлади.
Биз мамлакат сифатида ечим топдик. Олимлар, муҳандислар ечим топди. Бу ҳал қилувчи нуқта. Бизга маблағ керак ва уларни уриб тушира оламиз, деб таъкидлади сиёсатчи.
Украина армияси бош қўмондони Александр Сирский Shahed’ларни тутиб олувчи дронларнинг самарадорлиги 70 фоизни ташкил этишини айтган. Бу кўрсаткич мобил ўт очиш гуруҳларига нисбатан деярли икки баравар юқори. Шу билан бирга, мобил гуруҳлар ҳали ҳам долзарблигини йўқотмаган, дронларни тутиб олувчилар эса радар тизимларига (РЛС) муҳтож.
Маълумот ўрнида, Россия 9 июлга ўтар кечаси Украинага 741 та дрон ва ракета билан ҳужум қилди. Бу уруш бошланганидан бери учирилган рекорд миқдордаги дрон ҳисобланади. Қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот берилмаган. Учирилган техникаларнинг 718 таси Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан зарарсизлантирилган. 4 та ҳудудга зарба берилгани ва 14 та жойда дронларнинг қолдиқлари қулагани маълум.
Изоҳ (0)