Замбиянинг 2021 йилда лавозимини тарк этган собиқ президенти Эдгар Лунгу Жанубий Африкада 68 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Лунгу раҳбарлик қилган “Ватанпарварлик фронти” мухолифат партияси хабар берди.

“Жанубий Африка Республикасида махсус даволанишда бўлган собиқ президент 5 июнь куни ҳаётдан кўз юмди”, дея таъкидланди партия баёнотида.
Унинг қандай касаллик билан оғригани маълум қилинмаган.
Эдгар Лунгу 2015 йилда ҳокимият тепасига келган. Собиқ раҳбар қарийб етти йил давомида мамлакатни бошқарган эди. У президент бўлишдан аввал Адлия, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликларига раҳбарлик қилган. Лунгу қайта сайланишга уринган бўлса-да, 2021 йил ёзидаги президентлик сайловларида мухолифат вакили Ҳакаинде Ҳичилемага мағлуб бўлди.
Лунгу президентлик даврида икки маротаба – 2015 йилда 8 март куни пойтахт Лусакадаги стадионда нутқ сўзлаётганида ҳамда 2021 йилда ўтказилаётган ҳарбий парад чоғида ҳушидан кетган. Ўшанда Президент маъмурияти аввалига Лунгу безгакдан даволанаётганини маълум қилган, аммо кейинчалик унинг қизилўнгач торайиши ёки ахалазиядан азият чекаётганини билдирган.
Май ойида дунёнинг энг қашшоқ президенти сифатида танилган Уругвай собиқ раҳбари Хосе Мухика 89 ёшида вафот этгани хабар қилинганди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида АҚШнинг 39-президенти Жимми Картер 29 декабрь куни 100 ёшида вафот этганди.
Изоҳ (0)