Украина президенти Владимир Зеленский бир қатор Африка давлатларининг тинчлик ташаббусини олқишлади. Бу ҳақда президент матбуот хизматига таяниб, “Украинская правда” хабар берди.
Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса 13 май куни телефон орқали мулоқоти чоғида Зеленскийга Африканинг бир неча давлати миссияси доирасида Украинага ташриф буюриш ниятини билдирган.
“Украина президенти мазкур тинчлик ташаббусини олқишлади. Зеленский Украинада ҳурматли меҳмонларни қабул қилишга, уларнинг таклифларини тинглашга, Украина тинчлик формуласи ҳақида гапиришга ва унга қўшилишга жалб қилишга тайёр”, — дейди Украина президенти матбуот котиби.
Жанубий Африка президентининг тинчлик ташаббуси
16 май куни Сирил Рамафоса Африка давлатлари Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича янги ташаббусни таклиф қилганини даъво қилди. Миср, Жанубий Африка, Уганда, Сенегал, Замбия ва Конго Республикаси воситачилик ҳаракатларида иштирок этади, деди у.
Рамафосанинг айтишича, Африка етакчиларидан иборат делегация имкон қадар тезроқ тинчлик режасини тақдим этиш учун Киев ва Москвага ташриф буюришни режалаштирмоқда.
ЖАР президенти икки давлат раҳбарлари билан ушбу масала бўйича ўзаро ҳамкорликка тайёргарлик кўришни бошлашга келишиб олган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш, Африка Иттифоқи офиси, АҚШ, Британия ва Европа Иттифоқи ташаббус ҳақида аллақачон хабардор қилинган.
Маълумот ўрнида, ЖАР БМТнинг Россияни Украина ҳудудидан қўшинларини олиб чиқишга чақирувчи резолюцияси учун овоз беришда бетараф қолган, шу сабабли Ғарб давлатлари Африка давлатини Россиянинг Африкадаги энг яқин иттифоқчиларидан бири деб ҳисоблай бошлаган. Кейинроқ АҚШ элчиси Рубен Бригетти ЖАРни Россия армиясига қурол етказиб беришда айблаган.
Изоҳ (0)