Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида учиб келиш зали реконструкциясининг биринчи босқичи якунланди ва залнинг янгиланган ўнг қисми фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, залнинг умумий майдони кенгайтирилди, автотранспорт ва автобуслар учун янги йўлак қурилди, 120 ўринли автотураргоҳ ташкил этилди ва яшил ҳудуд барпо этилди.
Бино фасадининг кенгайиши учиб келиш зали майдонини 2 100 квадрат метрга ошириш имконини берди. Натижада божхона ҳудуди кенгайтирилди, қўшимча юк карусели ўрнатилди, терминал ичида кутиб олувчилар учун илк бор 120 ўриндиқли ҳудуд ташкил этилди.



“Бугун терминалнинг ўнг қисмини кенгайтириш ишлари якунланди. Чап қисмини реконструкция қилиш эртадан бошланади. Аэропорт фаолиятини тўхтата олмаганимиз учун босқичма-босқич ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз”, деди Uzbekistan Airports қурилиш бошқармаси мутасаддилари.
Кутиб олувчилар майдонидан ташқари, қисқа муддатли тўхташ учун залга туташган махсус ажратилган йўлак очилди. Энди зал олдига таксида ҳам, шахсий автомобилларда ва автобусларда ҳам кириш мумкин — йўлакда туриш вақти жўнаб кетиш залидаги йўлак каби 10 дақиқани ташкил этади.

Тошкент халқаро аэропорти реконструкцияси
Тошкент халқаро аэропортида кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари 2023 йил декабрда бошланган эди. Айни пайтда Тошкент халқаро аэропорти терминалининг ўтказиш қобилияти йилига 7 миллион йўловчини ташкил этади. Пойтахт аэропортида 6,8 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш режалаштирилган.
Реконструкциянинг иккинчи босқичини 2025 йил охиригача якунлаш режалаштирилган. Унинг давомида қўшимча юк ташиш камарини ўрнатиш, кафелар, дўконлар ва бошқа хизматлар жойлашган кутиб олувчилар ҳудудини кенгайтириш назарда тутилган.
Якуний босқич — келиш ва жўнаш залларини ягона терминал мажмуасига бирлаштириш. Ишлар якунлангач, терминалнинг умумий майдони 10 000 квадрат метрдан ошади, ўтказиш қобилияти эса соатига 2400 йўловчига етказилади.
Март ойида Андижон халқаро аэропортида аэродром реконструкциясининг биринчи босқичи якунланиб, мунтазам йўловчи қатновларини қабул қила бошлаганди. Май ойи охирларида Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё аэропорти 30 йиллик узилишдан сўнг фаолиятини тиклади.
Изоҳ (0)