Uzbekistan Airports Тошкент аэропорти учиб кетиш зали ёнида содир бўлган ёнғин юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, бугун, 6 июль куни соат 11:20 да Тошкент халқаро аэропорти вокзал олди майдонида янги “Терминал” кафесида ёнғин келиб чиққан.
Воқеа жойига зудлик билан аэропорт ва шаҳар ўт ўчириш бўлимлари етиб келган. Ёнғин соат 11:47 да ўчирилган. Ёнғин натижасида 5 квадрат метр майдонга зарар етказилган. Жабрланганлар йўқ. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага ошхонадаги кичик ёнғин сабаб бўлган.
“Тошкент халқаро аэропорти нормал режимда ишламоқда”, дейилади хабарда.
Аввалроқ Сурхондарёда бешта савдо дўконида ёнғин содир бўлгани, Тошкентдаги автосервисда 3 та автомобиль ёниб кетгани, “Космонавтлар” метро бекати яқинида ерости кабели ёнгани тўғрисида хабар берилганди. Куни кеча эса Тошкентдаги “Чорсу” бозорида ёнғин чиққан эди. Шаҳар ва туман ҳокимликлари вакиллари ёнғиндан зарар кўрган тадбиркорлар билан учрашган.
Изоҳ (0)