Буюк Британия соғлиқни сақлаш хавфсизлиги агентлиги (UКHСА) мамлакатда чивин орқали юқадиган чикунгуня вируси билан касалланиш ҳолатлари икки баробардан ортганини маълум қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, асосан Африка ва Жанубий Осиёда учрайдиган, кутилмаганда иситма ва бўғим оғриғига сабаб бўладиган чикунгуня вируси билан касалланиш ҳолатлари йилнинг дастлабки 6 ойида 70 тадан ошган. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробардан кўп дегани (27 та ҳолат қайд этилган эди). Бу ҳолатлар асосан сайёҳлар ва хорижга саёҳатлар билан боғланмоқда.
Чикунгуня одатда ўлимга олиб келмайди, аммо баъзи беморлар бўғим оғриғини йиллар давомида ҳис қилиши мумкин. Кўпчилик икки ҳафта ичида тўлиқ тузалади, жуда кам ҳолларда касаллик ўлим билан якунланади. Агентлик Ҳинд океани минтақасида вирус тарқалаётгани, Британиядаги деярли барча янги ҳолатлар Ҳиндистон, Шри-Ланка ва Маврикийдан қайтган саёҳатчилар орасида аниқланганини билдирмоқда. Вирус икки турдаги чивин орқали юқади, аммо улар Буюк Британияда учрамайди.
UКHСА’нинг жамоат саломатлиги бўйича маслаҳатчиси доктор Филипп Вил саёҳатчиларга чивин чақишидан сақланиш учун қуйидаги чораларини кўришни тавсия этди:
“Чикунгуня жиддий касалликка айланиб кетиши мумкин. Саёҳат вақтида ҳашаротларга қарши воситалардан фойдаланиш, танани ёпиқ кийим билан ҳимоялаш ва инсектицид билан ишлов берилган москит тўрлар остида ухлаш зарур”.
Юқори хавфли ҳудудларга борувчилар учун чикунгуня вакцинасини олиш тавсия қилинмоқда. Британияда чикунгунядан ташқари илк бор одатда Марказий ва Жанубий Америка ҳамда Кариб денгизи ҳудудларида учрайдиган Oropouche virusi ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. У асосан майда пашша чақиши орқали юқади. Буюк Британия ёки Европада унинг тарқатувчи турлари мавжуд эмас. Вирус белгилари юқори иситма, титроқ, бош оғриғи, бўғим ва мушак оғриғида намоён бўлади. Дунё бўйлаб 2024 йилдан бери Oropouche билан касалланиш кўпайган, ҳомиладор аёлларга эса ушбу вируснинг эҳтимолий таъсири боис алоҳида эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилади.
Маълумот ўрнида, бундан олдинроқ Хитойда чукунгуня билан касалланиш ҳолатлари 7 мингдан ошгани хабар берилган эди. Мамлакатда аҳолига идишлар (гулдон, кофе машинаси ва ҳ.к)даги сувларни ишлатишда эҳтиёт бўлиш тавсия этилган. Эҳтиёт чораларига амал қилмаганларга 10 минг юан (тахминан 1400 доллар) жарима солинаётгани айтилган.
Изоҳ (0)