Британия темир йўл, денгиз ва транспорт касаба уюшмаси (РМТ) аъзолари Бирлашган Қироллик ҳукуматидан Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни тўхтатишни талаб қилди. Бу ҳақда касаба уюшмасининг Паддингтон (Лондон) бўлими киритган тинчлик ташаббусида айтилган, дея хабар бермоқда Тhе Daily Telegraph газетаси.

Маълум қилинишича, лейбористлар ҳукумати вазирларини “дипломатик, музокараларга асосланган, узоқ муддатли тинчлик келишувига эришиш учун ҳаракат қилиш мажбуриятини олишга” ундовчи ташаббус ўтган ҳафта Манчестерда бўлиб ўтган РМТ йиллик йиғилишида маъқулланган.
“2024 йилги умумий сайловларда консерватив ҳукумат Лейбористлар партиясидан мағлубиятга учраганига қарамай, Буюк Британия халқаро ишларда жанговар ролини давом эттирмоқда. У Британияда ишлаб чиқарилган қуроллар, ҳарбий ёрдам, кредитлар ва давлат маблағларидан миллиардлаб фунт стерлингни етказиб бериб, Россиянинг Украинадаги ҳарбий мағлубиятига эришишга бесамар уринмоқда”, дейилади Мурожаатда.
Уюшма аъзолари “ўтган йили ядровий ҳалокатга олиб келиши мумкин бўлган чексиз ва кучайиб бораётган урушни молиялаштириш” учун “турмуш даражасини пасайтириш сиёсатини” рад этганларини билдиришган.
Уюшма матбуот котибининг тушунтиришича, ташаббус бутун дунё бўйлаб можаро ҳудудларида – “Ғазо сектори, Яман ва Эронда, шунингдек, Украинада” вазиятни юмшатишга чақирган. У яна қўшимча қилишича, касаба уюшмаси Москванинг Киевга нисбатан ҳаракатларини қўллаб-қувватламаса-да, можарони “тинч йўл билан ҳал қилиш учун шароит яратиш нуқтаи назаридан бир томонни иккинчи томонга қарши қуроллантиришни мақсадга мувофиқ эмас” деб ҳисоблайди.
РМТ бош котиби Эдди Демпси “касаба уюшмаси позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини” таъкидлаган.
Расмий маълумотларга кўра, Буюк Британиянинг Украинани 2025 йилда ҳарбий қўллаб-қувватлаш пакети рекорд даражадаги 4,5 миллиард фунт стерлингни (6,2 миллиард доллар) ташкил этиши кутилмоқда. Россиянинг Буюк Британиядаги элчихонаси доимий равишда Россия Буюк Британияга таҳдид солмаслигини таъкидлаб, Лондонни ўз ҳарбий бюджетини ошириш учун Россияга қарши кайфиятни кучайтиришдан воз кечишга чақирмоқда.
Изоҳ (0)