Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида эркак ўз хотинини аёвсиз калтаклагани, аёл 6 йилдан буён жабрланиб келгани айтилган хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ хабар берди.

Айтилишича, 15 августдан 16 августга ўтар кечаси, тунги соат 02:30 ларда Термиз шаҳрининг “Меҳрабод” маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Э. ҳамда унинг турмуш ўртоғи Ж.Э.ларнинг ўрталарида келиб чиққан оилавий низо оқибатида, Т.Э. турмуш ўртоғи Ж.Э.нинг юз-чакка ва қулоқ соҳасига уриб жароҳат етказган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати томонидан терговга қадар суриштирув ишлари амалга оширилмоқда. Ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилиши таъминланади.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда келтирилган аёл турмуш ўртоғининг доимий тазйиқ ёки зўравонлиги остида бўлиб келгани важи илгари жабрланувчи ИИОга хабар бермаганини инобатга олган ҳолда, алоҳида ўрганилмоқда.
Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида 26 июль куни Зебойи Жаҳон тахаллуси билан танилган хонанда Зебинисо Носирова ўлдириб кетилгани ҳақида хабар берилганди. Қотилликда унинг турмуш ўртоғи гумон қилинмоқда. Хабарда айтилишича, эр болаларини кўриш учун хонанданинг уйига келган. Суҳбат давомида эр-хотин ўртасида жанжал келиб чиққан. Жанжал пайтида эркак уни қўллари билан бўғган, оқибатда аёл воқеа жойида вафот этган.
Тошкент вилоятида эр аёлини ўлгунича калтаклаб, вафотига сабабчи бўлгани ҳақида хабар берилган. Андижонда эса эркак жанжал сабаб хотинини ўлдирди.
Изоҳ (0)