АҚШ президенти Дональд Трамп 2026 йилги оралиқ сайловлар олдидан почта ва баҳсли электрон тизимлар орқали овоз беришга қарши фармон имзолашини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Трампнинг таъкидлашича, у овоз беришнинг бу усулларига қарши ҳаракатга раҳбарлик қилади.
“Мен почта орқали овоз беришни бекор қилиш ҳаракатига раҳбарлик қилмоқчиман. Бундан ташқари, жуда ноаниқ, жуда қиммат ва баҳсли электрон овоз бериш тизимларига ҳам қаршиман. Улар сув белгилари бўлган қоғоздан ўн баравар қимматроқ, лекин қоғоз тезроқ ва ким ғалаба қозонгани, ким мағлуб бўлганига шубҳа қолдирмайди. Биз буни 2026 йилги оралиқ сайловларга ҳалолликни қайтариш тўғрисидаги фармонни имзолашдан бошлаймиз”, дейди у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Унинг айтишича, АҚШ почта орқали овоз бериш қўлланиладиган дунёдаги ягона мамлакат бўлиб қолмоқда. Бошқа давлатлар “оммавий фирибгарлик ҳолатлари” туфайли бу амалиётдан воз кечган.
Оқ уй раҳбари 2020 йилги сайловларда демократларнинг почта орқали бюллетенлар билан ноқонуний ҳаракатлари туфайли мағлуб бўлганини бир неча бор таъкидлаган. Ўшанда сайловда Жо Байден ғалаба қозонган эди.
Изоҳ (0)