Селим Байрактар — жуда истеъдодли турк театр ва кино актёридир. Турк сериаллари мухлислари уни “Муҳташам юз йил” сериалидаги Сумбул оға ролидан танишади.
Селим Байрактар 1975 йил 17 июнда Ироқнинг Киркук шаҳрида дунёга келган. Ёшлигиданоқ у спортга, айниқса гимнастикага қизиққан. Селим13 ёшга тўлганида, оиласи яширинча Туркияга қочишга мажбур бўлган. Бунга сабаб Байрактар ўқиган мактабга Саддам Ҳусайннинг қиёфадоши келиб, ўғил болаларни ўз армиясига ёллашга ҳаракат қилади. Селим ҳам танланганлар орасида бўлган, отаси буни билгач, ўша кечасиёқ бутун оиласини Эскишаҳарга олиб кетган.
Селим юқори синфга ўтгач, оиласи Анқарага кўчиб ўтган ва у Хажаттепа университетига ўқишга кирган.
“Мен Миср киноларини кўриб улғайганман. Актёрлик мени доимо ўзига тортарди. Бир куни лицейдан қайтаётиб, афишага кўзим тушди. Театр курслари гуруҳга қабул эълон қилган экан. Мактабдош дўстим билан бирга бордик. Курсларга атиги 10 киши қабул қилинарди, хоҳловчилар эса 650 киши эди. Биз танловдан ўтдик! Жуда ажойиб песалар ўйнадик. Биз Туркияда биринчи бўлиб саҳна ўрнига юк машинаси ва парда ўрнига чодирлардан фойдаланиб, кўчма театр яратдик”.
Шундан сўнг Селим бир йил циркда ишлаган, кейин эса Диёрбакир давлат театрига ишга жойлашган. Унинг айтишича, ўқиш пайтида уни опаси моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган, ота-онаси ёрдам бера олмаган, отаси эса узоқ вақт давомида ўғлининг актёр бўлишига бутунлай қарши бўлган.
Кино
Селим Байрактар кинога 2006 йилда “Кўприк” сериалида Эрдал ролини ижро этиш билан қадам қўйди. 2009 йилда у “Агар булут бўлсам” сериалида рол олди ва икки йил ўтиб турк сериаллари оламининг ҳақиқий юлдузига айланди. Айнан ўша пайтда Селим машҳур “Муҳташам юз йил” сериалида Сумбул оға ролини қўлга киритди.
“Менимча, қаҳрамоним ҳар қандай актёр учун рамзий образ. Бу ролни ижро этиш менга насиб этганидан жуда бахтиёрман. Сумбул — ҳарамнинг юраги. Ҳамма ҳар қандай масалада унга мурожаат қилади. У ҳарамда бўлаётган барча воқеалардан хабардор, ҳамма янгиликларни биринчилардан бўлиб эшитади. Тарихий манбалардан ҳарамдаги оғаларнинг ҳаёти нақадар оғир бўлганини биламиз. Баъзида улар йиллаб кўчага чиқмаган. Маълумки, уларнинг кўпчилиги сил касаллигига чалиниб, вафот этган. Улар кўп сирларни сақлаган, аммо ҳеч кимнинг тарафини олмаган одамлар эди. Ҳақиқий ҳарам оғаси, масалан, на Моҳидаврон султоннинг, на Ҳуррам султоннинг тарафдори бўла оларди”, дея эслайди у.
Унинг фильмографияси 40 га яқин фильмни ўз ичига олади ва унда тарихий роллар алоҳида аҳамиятга эга. Селим Байрактар “Афсона”да Алпагу хон, “Вазир бармоғи”да Экмелеттин, “Усмонли империясининг юксалиши”да Чандарли Халил пошшо ролларини ижро этиб, мухлисларини мафтун этди ва худди шу қаҳрамонни “Меҳмед: Фотиҳллар султони” сериалида ҳам ўйнади.
Селим Байрактар “Видолашув мактуби”, “Зумрад қақнус”, “Ёввойи нарсалар”, “Севги йиғлатади”, “Меросхўрлар”, “Золим Истанбул”, “Кўзга кўринган одам”, “Катта-кичик ёлғон” ва бошқа фильм ҳамда сериалларда рол ижро этган.
Шахсий ҳаёти
Селим Байрактор шахсий ҳаёти ҳақида ҳеч қачон батафсил маълумот бермаган. У 2004 йилда Давлат консерваторияси ходимаси Бихтерга уйланган. У хотини билан варрак учираётганда танишган ва бир-бирини дарҳол севиб қолишган экан. Атрофдагилар уларнинг никоҳини идеал деб билишгани боис машҳур жуфтликнинг ажрашиши Байрактарнинг ҳамкасблари ва дўстлари учун кутилмаган воқеа бўлди. 2019 йилда Селим ва Бихтер ажралишди. Уларнинг никоҳидан фарзанд кўришмаган. Жуфтлик ажралиш сабабларини ошкор қилишмади.
2018 йилда “Азиз қўшним” фильми суратга олинаётганда Селим Эмел Каракёсе билан танишди. Ўша пайтда актриса ажрашган ва қизини ёлғиз ўзи тарбиялаётган эди. Бихтердан ажрашганидан сўнг бир неча кун ўтиб, Байрактар ижтимоий тармоқларда Эмелга бағишланган постлар жойлай бошлади. 2023 йил май ойида улар расман никоҳдан ўтди, маросимда фақат энг яқин дўстлари ва ҳамкасблари қатнашди.
Селим Байрактар ҳозир
Ҳозирги кунда Байрактар кинода суратга тушишни давом эттирмоқда ва баъзан театрда ҳам рол ўйнамоқда. Турк актёр бўш вақтини рафиқаси ва дўстлари даврасида ўтказади. У ўз саломатлиги ва ташқи кўринишига алоҳида эътибор қаратади. Селим ҳафтасига камида тўрт марта спорт залига боради ва фаол дам олишни, айниқса виндсёрфинг ёки скейтборд учишни жуда ёқтиради. Турдизи юлдузи анчадан бери тез ҳазм бўладиган углеводлар миқдори кам бўлган парҳезга амал қилади — у чекмайди ва деярли спиртли ичимликлар истеъмол қилмайди.
Селим Байрактар жуда билимли инсон. У китоб ўқишни яхши кўради, жаҳон тарихини ўрганади ва араб, курд ҳамда турк тилларида бемалол гаплашади. Турдизи юлдузи Голливудда суратга тушиш орзусида бўлгани учун инглиз тилини ҳам ўрганишни режалаштирмоқда. Турк актёр ўзини чинакам бахтли деб ҳисоблайди, чунки у ўз орзусини рўёбга чиқариб, машҳур ва эътиборли санъаткорга айланди, шу билан бирга, ҳақиқий муҳаббатни ҳам топди.
Изоҳ (0)