Инста ва YouTube блогер Марям Тиллаева Франциянинг диққатга сазовор маскани Ложувард соҳилларида унаштириш таклифини олгани ҳақида ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди. Арно билан у жорий йил 2 январь куни Франция Алпида жойлашган Куршевел тоғ-чанғи курортида танишишган. Ҳозирда “Ўйин устаси” (Мастер игры) реалити-шоусида иштирок этаётган Марям Voice нашрига берган интервьюсида бундай таклифни кутмагани ҳақида сўзлаб берди.

“Арно доим август ойида қўлингни сўрайман, дерди. Мен эса буни ҳазилга йўярдим, чунки у тез-тез ҳазиллашар ва доим кулгили гаплар билан атрофдагилар кайфиятини кўтарар эди.
Муносабатларимиз жиддий эканини таътил вақтида энг яқин дугонамни кўриб қолгач, англадим. Ўзимча: ‘Бу ерда у нима қилиб юрибди?’ дедим. Дугонам эса: ‘Менинг туғилган куним-ку, шунинг учун Арно ҳам мени бу ерга таклиф қилди’, деди. Мен: ‘Майли, мантиқан тўғри’, деб қўя қолдим.
Аммо улар ўша куни доим пичирлашарди, Арно эса ундан нималарнидир сўраб юрарди. Шунда ичимда шубҳа пайдо бўлди. Кейин дугонам менга ҳаммасини айтиб берди. Билишимча, Арно иккиси узук масаласида маслаҳатлашган экан. Энг қизиғи, дугонам инглиз тилида гапиради, Арнонинг инглиз тили даражаси эса унчалик яхши эмас. Уларнинг мулоқоти оддий ва кулгили тарзда кечган”, дея эслайди Тиллаева.

Маълум бўлишича, Арно Марямдан уч ёш кичик ва ўзининг шахсий бизнеси бор. Марям Тиллаева Арно билан дастлаб шунчаки дўст бўлган:
“У билан оддий дўстона муносабатда эдик. Аммо Ўзбекистонга сафардан сўнг Арно бутун оилам, дўстларим ва менинг кўнглимни забт этди. У мен узоқ излаган инсоним: у мени яхши тушунади, чин дилдан севади. Бу муносабатлар шунчалик сокин ва хотиржам-ки, унда на жанжал, на таҳқирлашлар бор. Ришталаримиз ҳақиқий севги ва ўзаро ҳурматга асосланган”, дейди блогер.
Эътиборлиси, Марям ва Арнони табриклаганлар орасида машҳур миллиардер, Amazon асосчиси Жефф Безос ҳам бўлган.
“Ҳаммаси жуда қизиқ ва тасодифий тарзда ўтди. Арно менга турмуш қуришни таклиф қилган куни биз Жефф Безос дам олаётган меҳмонхонада эдик. Кейин La Guerite ресторанига нишонлашга бордик. У ерда ҳам Безос бор экан. Биласизми, яқинда у Лорен Санчесга уйлангани шов-шувга сабаб бўлган эди. Бу ҳақда блогимда ҳам ёзганман. Аммо айнан Безос бизни табриклайди, деб хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Безос ёнимиздан ўтаётганда биз унга узукни кўрсатдик. У эса: ‘Бахтли бўлинг!’ деди. Шундай қилиб, Америкадан бизни биринчи бўлиб табриклаган инсон Жефф Безос бўлди. Энг яқин дугонамдан кейин, албатта. Тушлик биз учун унутилмас тарзда ўтди”, дея хотирлади Тиллаева.

Маълумот учун, Марям Тиллаева Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг набираси, Лола Каримова-Тиллаева ва Тимур Тиллаевнинг қизи. У 1999 йил 20 январда Тошкентда туғилган. Ёшлигидан мусиқа билан шуғулланиб, фортепиано ва гитара чалишни ўрганган, саҳнада куйлаган. 14 ёшида АҚШга кўчиб ўтган ва Бостон шаҳридаги Northeastern University’ни тамомлаган.
Марям ҳозирда ижтимоий тармоқларда блогер, экофаол ва аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида танилган. У You Swish номли шахсий кийим брендига асос солган. Шунингдек, океан тозалиги ва аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш каби бир нечта ижтимоий лойиҳаларда қатнашган. 2021 йилда у россиялик блогер Амиран Сардаровга турмушга чиққан, бироқ бир йил ўтиб ажрашган. У ажрим сабабини руҳий босим ва соғлом бўлмаган муносабатлар билан изоҳлаган.
Изоҳ (0)