Тошкент шаҳрида ижарадаги уйида “Покер” ўйинларини ташкил этган хорижлик фуқаролар ушланди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.

Маълум қилинишича, ДХХ, Ички ишлар вазирлиги ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Олинган тезкор маълумот асосида 1999 йилда туғилган чет эл фуқароси Рент cар масъулияти чекланган жамияти раҳбари ижарадаги уйида таваккалчиликка асосланган “Покер” ўйинларини ташкил этган.
У Тошкентга келган 9 нафар чет эл фуқароси бўлган танишларини ўйинга жалб қилиб, қимор ўтказаётган вақтида ушланди. Воқеа жойидан покер столи, 36 та покер ўйини карталари, 15 минг доллар, 6 млн 784 минг сўм миқдоридаги пуллар, учта ўқ отар қурол, 193 та 12 калибрли патронлар, қўл кишани, 2 та электрошокер, 105 та буғу шохлари, оқ айиқ териси ва калласи ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.
Яккасарой тумани Боғидил кўчасида ўтказилган тезкор тадбирда эса 1991 йилда яна бир чет эл фуқароси 11 нафар шахсни тўплаб “Покер” ўйинларини ташкил қилгани аниқланди. Улар покер столи атрофида қўлга олинди.
Ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Рақобат қўмитаси букмекерлик хизматларини реклама қилган вайнерларга тегишли чоралар кўрилганини маълум қилганди. “Реклама тўғрисида”ги қонунга кўра, мамлакат ҳудудида қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни реклама қилиш тақиқланади. Бундай фаолиятни реклама қилиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади. Рақобат қўмитаси 2024 йил ва 2025 йилнинг тўрт ойида 185 та ҳолатда тотализаторлик ва букмекерлик идоралари фаолиятига оид рекламаларда камчиликларни аниқлаган.
Изоҳ (0)