Исроил Ғазо сектори бўйлаб минглаб фуқаролик объектларини бузиб ташламоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Бу бузғунчилик ҳаракатлари март ойида ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишуви бекор бўлгандан кейин амалга оширилмоқда. Сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар Исроил ҳарбийлари бир қанча ҳудудларда катта миқдордаги вайронагарчиликлар содир этаётганини кўрсатган. Яҳудий давлати бу ҳаракатлар “оператив назорат остида” амалга оширилаётганини айтган.
Бир нечта глобал ҳуқуқшунослар Исроил Женева конвенциясига зид равишда секторда ҳарбий жиноятлар содир этганини айтмоқда. Конвенцияга кўра, босқинчи кучлар инфратузилмаларни йўқ қилиши тақиқланади.

Исроил мудофаа кучлари вакили яҳудий давлати халқаро ҳуқуққа мувофиқ иш олиб бораётганини айтмоқда. Таъкидланишича, ҲАМАС тинч аҳоли пунктларида “ҳарбий активларни яширган”. Вайронагарчилик кўламини Миср билан чегара яқинидаги Рафаҳ шаҳрида яққол кўриш мумкин.
Июль ойи бошида Исроил мудофаа вазири Кац Рафаҳ харобалари ўрнида “гуманитар шаҳар” қурилишини маълум қилганди. У 600 минг фаластинликни қамраб олиши керак эди. Ушбу режа кўпчилик томонидан қораланган. Хусусан, мамлакат собиқ бош вазири Эҳуд Олмерт бу қурилишни “конслагер”га қиёслаган.
Изоҳ (0)