“Ислоҳотларни амалга оширишда истиқболли ташаббусларни янада қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, қуйидагилар аҳолининг истиқболли ташаббусларини рағбатлантириш чора-тадбирларининг асосий мақсадлари этиб белгиланди, жумладан:
- самарали ва халқчил ислоҳотларни амалга оширишда кенг жамоатчилик ва жамиятнинг турли қатламлари вакилларининг иштирокини қўллаб-қувватлаш;
- истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг аҳоли қатлами учун очиқ мулоқот майдонини яратиш;
- замонавий, илғор ғоялар ва истиқболли ташаббусларни саралаш ва танлаб олишнинг самарали механизмларини жорий қилиш.
2025 йилдан ҳар йили “Келажак учун” истиқболли ташаббуслар форуми ўтказиб борилади. Форум ўтказиладиган устувор йўналишлар ҳар йили “Келажак учун” истиқболли ташаббуслар форумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита томонидан белгилаб берилади.
Фармон билан “Келажак учун” истиқболли ташаббуслар форумини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Низом “Келажак учун” истиқболли ташаббуслар форумини ўтказишга тайёргарлик кўриш, истиқболли ташаббусларни йиғиш, таҳлил қилиш ва кўриб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш тартибини белгилайди.
Форум доирасида истиқболли ташаббусларни йиғиш, дастлабки саралаш ва умумлаштириш жараёнлари Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан ҳар йили 1 июлдан 1 сентябргача ўтказилади.
Форумда муҳокама қилиш учун юбориладиган истиқболли ташаббуслар қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлиши лозим:
- долзарблик;
- ўзига хослик;
- имкониятлилик;
- таъсирчанлик;
- тармоқ ёки жамиятга ижобий таъсир кўрсатиш.
Менторлар кенгаши томонидан топ-10 деб топилган энг долзарб истиқболли ташаббуслар президент иштирокида ўтказиладиган Форумнинг ялпи мажлисида муҳокама қилинади.
Шавкат Мирзиёев Халқаро конгресс марказига ташриф буюриб, ёшларнинг турли соҳалардаги лойиҳалари, кашфиёт ва ютуқлари билан танишган эди. Конгресс марказига кираверишда ёшларнинг турли соҳалардаги лойиҳалари, кашфиёт ва ютуқлари тақдимот қилинди. Масалан, “Ёш инноваторлар” кўргазмасида муҳандислик, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, учувчисиз қурилмалар намойиш этилган. “Яшил ташаббуслар” майдончасида экология, муқобил энергетика, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга оид ишланмалар кўрсатилган.
Изоҳ (0)