Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида 23 июнь куни Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи арафасида Ўзбекистон—Мўғулистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар бермоқда.

Тадбирда икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари, ҳудудлар, тармоқ уюшмалари раҳбарлари ҳамда 300 дан ортиқ компания вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон делегациясига бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, Мўғулистон томонига эса мамлакат бош вазири ўринбосари Сайнбуянгийн Амарсайхан раҳбарлик қилди.
Форум иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Жамшид Хўжаев сўнгги йилларда Ўзбекистонда бизнес муҳити ва инвестиция жозибадорлигини яхшилаш бўйича амалга оширилган ислоҳотларга эътибор қаратди. Натижада мамлакат ЯИМ икки баробарга ошиб, илк бор 100 миллиард доллардан ошди, 2024 йилда иқтисодий ўсиш суръати 6,5 фоизни ташкил этди. Мамлакатга 70 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди.


Ўзбекистон ҳукуматининг хорижий инвесторларни тўлиқ қўллаб-қувватлашга ва қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш учун барча шарт-шароитларни яратишга тайёр эканлиги яна бир бор тасдиқланди.
Ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун устувор йўналишлар белгиланди. Жумладан, савдо соҳасида мева-сабзавот маҳсулотлари, ўғитлар, қурилиш материаллари, фармацевтика, маиший техника, тўқимачилик, пойабзал, гўшт, чарм, жун маҳсулотлари экспорти, савдо уйлари ва кўргазмалар ташкил этиш каби ташаббуслар илгари сурилди.
Иккала давлат ўртасидаги саноат кооперацияси чарм, жун ва кашемирни қайта ишлаш, электр жиҳозлари, машиналар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналарни ташкил этиш орқали ривожланади. Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик йўналишларида иссиқхоналар қуриш, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш, ҳосилни сақлаш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳалар илгари сурилди. Фойдали қазилма конларини қидириш ва ўзлаштириш бўйича қўшма лойиҳалар катта истиқболларга эга экани таъкидланди.


Ўз навбатида, Мўғулистон бош вазири ўринбосари Сайнбуянгийн Амарсайхан Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳитини юқори баҳолаб, Мўғулистон тадбиркорларини ўзбек ҳамкорлари билан фаол ва дадил ҳамкорлик қилишга чақирди.
Форум якунида жун, аралаш матолар, тўқимачилик ва чарм маҳсулотларини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга оид қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.







Форум доирасида Made in Uzbekistan миллий маҳсулотлари кўргазмаси очилди, унда ўзбек ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари намойиш этилди. B2B ва G2B учрашувлари ўтказилди. Тадбиркорлар амалий ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиб, кейинги ҳамкорлик учун аниқ қадамларни белгилаб олди.
Ўзбекистон—Мўғулистон бизнес-форумидан лавҳалар


























Шавкат Мирзиёев Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурельсухнинг таклифига биноан 24—25 июнь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади. Мўғулистон етакчиси Шавкат Мирзиёев таклифига биноан 2024 йил 23—26 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлганди.
Изоҳ (0)