Адлия вазирлиги томонидан Зомин қозон патири географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Географик кўрсаткич бу маҳсулотнинг маълум ҳудудга хослигини ва сифатини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилувчи белги. У маҳсулотнинг келиб чиқиш жойини, анъанавий рецептини ва ўзига хос хусусиятларини давлат даражасида кафолатлайди.
Зомин қозон патири Жиззах вилоятининг Зомин туманида қадимдан тайёрланадиган нон маҳсулоти бўлиб, алоҳида қорилган хамир, маҳаллий сут ва сариёғ билан қозонда пиширилади. У ўзининг таъми ва сифат хусусиятлари билан ажралиб туради.
Энди “Зомин қозон патири” Ўзбекистон давлат реестрида 20-географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтган бўлиб, унинг номи, сифати ва келиб чиқиш манбаи қонуний ҳимояга эга бўлади.
Қайд этилишича, бу ҳудудий брендни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва истеъмолчиларга сифатли, оригинал маҳсулотни тақдим этишга хизмат қилади.
2024 йил январида Ғузор тандир гўшти географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганди. Бундан ташқари Ғиждувон шашлик, Зомин тандир гўшти, Марғилон адраси ва Қўқон пичоқлари ҳам патентланганди.
2025 йил 5 февраль куни эса Самарқанд нони географик кўрсаткич сифатида рўйхатга олинди. Июнь ойида эса тухумбарак географик кўрсаткич сифатида патентланди. Шунингдек, Андижон дўпписи ҳам патентланди.
18 июнь куни Сўқоқ сомса ҳам географик кўрсаткич сифатида патентланди. 3 июль куни Самарқанд нўхат шўраги географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Изоҳ (0)