Андижон вилояти Избоскан тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасининг 6 нафар ходими иш фаолиятидаги камчиликлар сабаб жазоланди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) хабар берди.

Маълум қилинишича, 2025 йил мартда омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Избоскан тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги шароитларни ўрганган. Жараёнда қатор камчиликлар аниқлаган.
“Ҳибсхонада санитария-гигиена ва моддий-техник таъминотга оид жиддий камчиликлар, канализация тизими билан боғлиқ муаммолар борлиги ва айрим маҳбусларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари қайд этилган. Омбудсман томонидан ушбу ҳолатлар бўйича Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасига камчиликларни бартараф этиш ва шу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун тегишли чоралар кўрилишини сўради”, дейилади манбада.
Мониторинг якунларига кўра, олти нафар ходимга нисбатан хизмат текшируви тайинланган ва уларга интизомий чоралар қўлланилган. Жумладан, бир нафар ходим Интизомий кенгаш муҳокамасига қўйилган, икки нафарига танбеҳ, икки нафарига эса ҳайфсан интизомий жазолари берилган. Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси раҳбари эса Ички ишлар органларидан ўз аризасига кўра бўшатилган. Ҳозирда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар бошлангани билдирилган.
Изоҳ (0)