Розия султон ўткир зеҳнли ва узоқни кўра биладиган ҳукмдор сифатида шуҳрат қозониб, Деҳли султонлигининг тараққиётига улкан ҳисса қўшди. Бироқ унинг ҳукмронлик даври жуда аянчли якунланди. XIII асрда бир аёл қандай қилиб энг йирик ислом давлатига бошчилик қилишга муваффақ бўлди, нима сабабдан мамлакат истеъдодли сиёсатчининг ҳокимиятини тан олишга ожизлик қилди ва Розия султоннинг ҳаёти қай тарзда ниҳоясига етди — буларнинг барчасини мақоламизда таҳлил қиламиз.
Ҳозирги Ҳиндистон ҳудудида жойлашган Деҳли султонлиги 1206 йилда сунний Ғурийлар сулоласи томонидан асос солинган. Икки маданият қўшилиши натижасида ислом қонунларига бўйсунувчи янги цивилизация шаклланган. Узоқ вақт давомида мамлакатда ҳокимият эркакларга тегишли бўлиб келган, аммо 1236 йилда вазият ўзгарди. Султон Элтутмиш вафот этаётиб, ислом давлатининг ёзилмаган қонунларига кўра тахтни ўғилларидан бири эгаллаши кераклигига қарамай, қизи Розияни тахтнинг расмий вориси этиб тайинлайди. Айнан шу воқеадан бошлаб Деҳли султонлиги тарихида янги саҳифа очилади, бироқ бу саҳифа жуда фожиали тарзда якунланади.
Ташқи сиёсатдаги ютуқлари билан шуҳрат қозонган Султон Элтутмиш нафақат мамлакатга хизмат қилишга, балки фарзандларининг тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Унинг уч ўғли ва ягона қизи Розия болалигиданоқ турли фанларни ўрганиб, камондан отиш ва ҳарб иши каби кўплаб машғулотлар билан шуғулланган. Бироқ акаларидан фарқли ўлароқ, Розия катта иқтидорга эга бўлиб, янгиликларга кўпроқ қизиқиш билдирган, турли соҳаларда ўз истеъдодини намоён этган ва доимо отасининг севимли фарзанди бўлиб келган.
Қизи вояга етгач, Элтутмиш уни кўпинча хизмат сафарларига ва давлат учрашувларига ўзи билан бирга олиб юрар, бундан ташқари, Деҳлида бўлмаган пайтларида уни ўзининг ўринбосари этиб тайинларди. Ўша пайтда бундай ҳолат ҳукмдорнинг яқинлари ва султонлик фуқароларини унчалик ташвишга солмасди, чунки Элтутмиш вафот этгандан сўнг унинг ўрнини тўнғич ўғли Носириддин Маҳмуд эгаллаши кутиларди.
Бироқ кўп ўтмай султоннинг тўнғич меросхўри вафот этади, аммо Элтутмишнинг иккинчи ўғли отасининг фикрича, давлатни бошқариш учун етарли қобилиятга эга эмас эди. Шу сабабли 1236 йилда у ҳокимиятни ягона қизи Розияга топширади. Бу қарор консерватив турк зодагонларига ёқмайди ва султоннинг хоҳишига зид равишда, Элтутмишнинг ўғли Рукниддин Фируз янги ҳукмдор этиб тайинланади.
Отаси тахмин қилганидек, ўғли давлатни бошқаролмасди. У ҳокимият тепасига келганидан сўнг кўп вақт ўтмай, мамлакатда тартибсизликлар ва ўзаро низолар бошланади. Султонликнинг душманлари эса Деҳлида авж олган ички зиддиятлардан фойдаланиб қолади. Бу воқеаларда Рукниддин Фирузнинг онаси Шоҳ Туркон муҳим рол ўйнайди. У ўғлининг мамлакатни бошқаришга лаёқатсизлигини тушуниб, ҳокимиятни ўз қўлига олмоқчи бўлади. Бунинг учун у оддий халқ орасида обрўси ошиб бораётган Розиядан қутулиши керак эди.
Аммо Шоҳ Турконнинг режалари амалга ошмайди — 1236 йил ноябрида Деҳли аҳолиси Султон Элтутмишнинг қизини очиқчасига қўллаб-қувватлайди. Улар ҳозирги ҳукмдорнинг бошқаруви қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англаб етганди. Кўп ўтмай, қиз давлатнинг қонуний раҳбари сифатида тан олинади. Рукниддин Фируз эса онаси билан бирга қамоқхоналардан бирига сургун қилиниб, кейинчалик қатл этилади.
Розия султон (аёл ўзига таклиф этилган “султон” унвонидан атайлаб воз кечган, чунки бу унвон ҳукмдорларнинг хотинларига бериларди) отасининг сиёсатини давом эттирмоқчи бўлган, бироқ нафақат ташқи, балки ички сиёсатга ҳам эътибор қаратишни истаган. Тарихчиларнинг баҳолашича, Розия таълим, тиббиёт, иқтисодиёт, фан ва санъат соҳаларига алоҳида эътибор бериш орқали мамлакатнинг фаровонлик даражасини сезиларли тарзда юксалтира олган. Баъзи тадқиқотчилар шеърият, рассомчилик ва театрнинг фидойи мухлиси бўлган Розиянинг маърифатпарварлик фаолиятини жуда юқори баҳолайди. Бундан ташқари, у кўплаб қонли жангларсиз ўз таъсирини сақлаб қолишга эришган. Унинг дипломатик истеъдоди туфайли аксарият можаролар (мамлакат ичида ҳам, ташқарисида ҳам) тинч йўл билан ҳал этилган.
Розия султон ижтимоий ва гендер тенглиги масалаларига алоҳида эътибор қаратган. У барча аҳоли қатламлари жинс, ёш ва даромадидан қатъи назар, ижтимоий имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлишига интилган. Бундан ташқари, у ўз намунаси билан аёллар ҳар қандай соҳада эркаклар билан тенг фаолият юрита олишларини исботлаган. Масалан, Элтутмишнинг қизи тахтга ўтирганида илгари фақат эркаклар киядиган анъанавий султон либосини кийган. Кейинчалик у мунтазам равишда эркаклар кийимини кийиб юрган, қурол-яроғ билан халқ олдига чиққан, ҳарбий ишларга шахсан бошчилик қилган, эркаклар билан тенг мулоқот қилган. Ҳатто у ўз тасвири ва “Аёллар таянчи, давр маликаси, Султон Розия, Шамсуддин Элтутмишнинг қизи” деган ёзув туширилган тангалар зарб эттирган.
Деҳли аҳолиси адолатли ва истеъдодли ҳукмдорни чин дилдан севишига қарамай, Розиянинг душманлари кўп эди. Унинг патриархал тузумнинг ўрнатилган қоидаларини бузишга интилиши консерватив мусулмонларни ранжитарди. Улар Розиянинг хатти-ҳаракатларини эркинлик ва ахлоқсизлик деб баҳолашарди. Шунингдек, унинг ўз яқинларини давлат лавозимларига тайинлаш тўғрисидаги қарорлари ҳам уларнинг норозилигини келтириб чиқарарди, (масалан, Розиянинг ўнг қўли унинг яқин дўсти, асли ҳабашистонлик бўлган Жамолиддин Ёқут эди) зодагонларнинг кўнглини тўлдирмасди.
Тез орада давлатда душманчилик кайфияти кучая бошлади. 1240 йил апрелида Розиянинг яқин аъёнларидан бири Малик Ихтиёр-уд-дин Алтуния Бҳатиндада (Панжоб) исён кўтаради. Ҳукмдор ҳарбий юришга шахсан бошчилик қилишга қарор қилади. Бироқ ўз қўшинларининг хоинлигига дуч келиб, асирга тушади ва қаттиқ назорат остида сақланиши учун Табарҳинд қалъасига сургун қилинади. Малик Ихтиёр-уд-дин Алтуния ҳокимиятни қўлга кирита олмайди. Бунинг ўрнига Розиянинг укаларидан бири Муизиддин Баҳромшоҳ тахтга ўтиради. Унинг номзодини турк зодагонлари қўллаб-қувватлайди, бу эса давлат тўнтаришини уюштирган кишини мутлақо қониқтирмайди.

Мағлубиятга учраган Алтуния ўз аҳволини англаб етгач, Розия қамалган қалъага бориб, унга иттифоқ тузишни таклиф этади. Элтутмишнинг қизи, ўз мамлакати фаровонлиги учун жон куйдиргани боис хоинлик қилган ҳамкорининг таклифини қабул қилади. Шундан сўнг Малик Ихтиёр-уд-дин Алтуния Розияга уйланади ва улар биргаликда ҳокимият учун курашиш мақсадида иттифоқчилар излашга киришадилар.
Розия катта обрўга эгалиги ва халқ орасида севимли бўлганлиги сабабли, тез орада ҳозирги султон номзодига қарши бўлган бир нечта амирлар уни қўллаб-қувватлашга ўтади. Қўшин тўплаган Розия эри билан бирга Деҳлига ҳарбий юришни бошлайди, бироқ қўшинининг бир қисми душман билан тўқнашганда таслим бўлади. Натижада Элтутмишнинг қизи ва Малик Ихтиёр-уд-дин Алтуния мағлубиятга учрайди ҳамда асир олинади.
Розия султоннинг кейинги тақдири номаълум — бир ривоятга кўра, у эри билан бирга асирга тушганидан кейинги куни қатл этилган. Муиз ад-Дин Баҳромшоҳ маликанинг таъсири кучайиб бораётганидан хавотирланиб, Розиянинг қонуний ҳокимиятни қайта қўлга киритишга уринишларининг олдини олиш учун уни дарҳол ўлдиришга буйруқ берган, деб тахмин қилинади. Бироқ айрим олимларнинг фикрича, собиқ малика Деҳлидаги алоқаларидан фойдаланиб қочишга муваффақ бўлган. Бу тахминга кўра, Розия қочгач мамлакат бўйлаб саргардон кезиб юрган ва бир куни маҳаллий аҳолидан бирининг уйига кириб, озгина овқат сўраган. Камтарона таомни еб бўлгач, аёл чарчоқдан ҳолсизланиб ухлаб қолган. Уй эгаси эса Розиянинг қимматбаҳо кийим ва тақинчоқлар тақиб олганини кўриб, уни ўлдирган ва жасадини уйига яқин жойга кўмиб ташлаган.
Ҳар ҳолда Розия султон ўрта асрлар Ҳиндистон тарихидаги энг машҳур ҳукмдорлардан бирига айланди. Тўрт йилдан камроқ ҳукмронлик даврида мамлакатнинг ривожланиши ва равнақ топишига улкан ҳисса қўшди. Бугунги кунгача тарихчилар ва санъат аҳли унинг ҳаётини ўрганишни давом эттирмоқда, унинг ютуқлари ва муваффақиятларини хотирламоқда.
Изоҳ (0)