Бугун, 10 июль куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги иссиқ сув қувури босим остида ёрилди. Veolia Energy Ташкент корхонаси ҳолат механик синовлар пайти юз берганини маълум қилди. Орадан бир оз вақт ўтиб эса мазкур синовлар тўхтатилгани билдирилди.

Корхона хабарига кўра, 2025 йил 30 майдан 17 июлгача режалаштирилган иссиқлик тармоқларининг гидравлик синовлари тўхтатилди.
“Veolia Energy Ташкент синовларни ўтказиш бўйича ёндашувни қайта кўриб чиқмоқда ва трубопроводлардаги эҳтимолий аварияли участкаларни аниқлашнинг янги, хавфсизроқ усулларини ишлаб чиқмоқда. Бизнинг мақсадимиз 2025–2026 йилги иситиш мавсумига тайёргарлик жараёнида аҳоли учун хавфларни минималлаштирган ҳолда иссиқлик таъминотининг ишончлилиги ва хавфсизлигини таъминлаш. Кейинги чоралар ва муддатлар ҳақида қўшимча маълумот берилади”, дейилади манба ахборотида.
Veolia корхонаси қувур 2025–2026 йиллар иситиш мавсумига тайёргарлик доирасида белгиланган жадвалга мувофиқ олиб борилган механик мустаҳкамлик синовлари вақтида ёрилганини билдирган.
Воқеа Олмазор туманидаги Форобий ва Шифокорлар кўчалари кесишмасида жойлашган иссиқлик тармоғи участкасида юз берган. Синовлар давомида 12,6 ати босимда диаметри 800 мм бўлган трубада сув чиқиши кузатилган. Мазкур иссиқлик тармоғи участкаси 1989 йилда эксплуатацияга топширилгани қайд этилган.
Ҳодиса натижасида жабрланганлар йўқ. Яқин атрофдаги дўконларга моддий зарар етган — умумий майдони 8 квадрат метр бўлган ойна витриналари синган. Етказилган зарар қопланиши маълум қилинган. Авария юз берган участка тезкорлик билан локаллаштирилиб, истеъмолчиларни иссиқ сув билан таъминлаш тўхтатилмаган.
Изоҳ (0)