Veolia Energy Ташкент Шайҳонтохур тумани Фаробий кўчаси ҳудудидан ўтувчи қувур юқори босимда ёрилгани юзасидан маълумот берди.

Унда айтилишича, 2025–2026 йиллар иситиш мавсумига тайёргарлик доирасида белгиланган жадвалга мувофиқ, 10 июль куни соат 10:40 да ТC-10 қозонхонаси ҳудудида содир бўлган. М 0-16 ва М 0-17 иссиқлик камераси оралиғида, Олмазор туманидаги Фаробий ва Шифокорлар кўчалари кесишмасида жойлашган иссиқлик тармоғи участкасида механик мустаҳкамлик синовлари ўтказилди.
Синовлар давомида диаметри 800 мм бўлган трубадан сув чиқиши кузатилди. Ушбу иссиқлик тармоғи участкаси 1989 йилда эксплуатацияга топширилган.
Ҳодиса оқибатида яқин атрофдаги дўконларга моддий зарар етган — умумий майдони 8 м² бўлган ойна витриналари синган. Етказилган зарар қопланади. Авария юз берган участка тезкорлик билан локаллаштирилди ҳамда истеъмолчиларни иссиқ сув билан таъминлаш тўхтатилмади.
Ташкилот ҳодиса натижасида жабрланганлар йўқлигини айтмоқда. Аммо ФВВ 3 нафар фуқаро енгил тан жароҳати олгани ва уларга воқеа жойида тиббиёт ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатилганини маълум қилди.
Шу каби ҳолат 30 июнь куни соат 12:50 ларда Сурхондарё вилоятида ҳам кузатилган эди.
Жарқўрғон туманида жойлашган “Боботоғ” насос станциясининг 1-коллектори 7-участкасида диаметри Д-2850 мм бўлган қувурда ёрилиш ҳолати юзага келган. Натижада юқори босимли сув отилиши кузатилган.
Авария юзасидан зудлик билан дастлабки чоралар кўрилган: 1-коллектордаги 3 та насос агрегати фаолияти фавқулодда тўхтатилган. Шундан сўнг махсус тезкор бригада ҳодиса жойига етказилиб, таъмирлаш ишлари олиб борилган. Соат 21:00 да таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланган ва 21:20 да насос агрегатлари қайта ишга туширилган.
Изоҳ (0)