Америкалик актёр, таниқли режиссёр Квентин Тарантино фильмларидаги роллари билан машҳур бўлган Майкл Медсен 67 ёшида вафот этди. У 3 июль куни эрталаб Malibuдаги уйида ҳушсиз ҳолда топилган. Унинг менежери Рон Смитнинг сўзларига кўра, актёр ўлимига юрак уришининг тўхташи сабаб бўлган.

Медсен режиссёр Квентин Тарантино фильмларидаги жиноятчи ва хавфли шахслар образи билан машҳур бўлган. У “Қутурган итлар” фильмида Мистер Блонд образини гавдалантирган, шунингдек, “Биллнинг қотили”, “Мудҳиш саккизлик” ва “Бир куни Голливудда” каби фильмларда ҳам рол ўйнаган.
40 йилдан ортиқ давом этган ижодий фаолияти давомида у ўнлаб фильмларда суратга тушган, жумладан, “Телма ва Луиза”, “Донни Браско” ҳамда “Гуноҳлар шаҳри” фильмларида иштирок этган. У нафақат актёр, балки ёзувчи ҳам эди. Медсен “Отам учун тўкилган ёшлар” номли шеърий тўпламини нашрга тайёрлаётган эди.

Сўнгги йилларда Майкл Медсен кўпроқ мустақил киноларда ишлади ва янги ролларни катта сабрсизлик билан кутди. У жорий йилда “Жанублик уй бекалари учун пазандалик китоби” ва “Тирилиш йўли” каби фильмларда суратга тушди, аммо уларнинг премерасини кўриш актёрга насиб этмади.
Эслатиб ўтамиз, Майкл актриса Виржиния Медсеннинг туғишган акаси эди. Актёрлик фаолиятига киришгунига қадар у автосервис устаси, ёнилғи қуйиш шохобчасида ишчи, шифохонада санитария ходими, бўёқчи ва ошпаз бўлиб ишлаган.
Изоҳ (0)