Искандар Ҳамроқулов YouTubeъдаги каналлардан бирига берган интервьюсида фарзандининг вафотига нима сабаб бўлгани ҳақида гапирди. Сўз устаси ўша вақтда нималарни ҳис қилганди?

— Кичкина ўғлим ОИТСдан ўлиб қолди. Тозаликка қаттиқ қарайман, ўзим ҳам покиза одамман. Уйда болани ҳам оқ ювиб оқ тараб ўтирардик. Шамоллаганда шифохонага борганимизда ўша ердан юқиб қолди. Учта болага юққан экан, ҳаммаси вафот этди, ичида менинг ўғлим ҳам бор эди. Касалликка чалиниб, ОИТС деб аниқлангач, 4 ойдан кейин ўлди. Эр-хотин иккимизнинг томирларимизни тешиб ташлашди, қон олиб текшириб, қаттиқ назорат қилишди. Аниқ жавоби чиқмагунча уларни одамлар орасига қўшмай туришар экан. Ҳаммамизда ҳамма таҳлиллар тоза чиқди. Охири юқтирган жойини топишди.
Энди бола қўлимизда, лекин унинг келажаги йўқлиги, яшамаслигини билиб турибмиз. Соғ пайтида кунига икки соат йиғлаган бўлса, кейин 3, 4, 5, 6 соат — тўхтовсиз йиғлаб чиқарди. Кундан кунга соғлиғи ортга кетарди. Кундан кунга кулмай қўйди. Бола яшаб кетмаслигини мен ҳам, аёлим ҳам, докторлар ҳам — атрофимдаги ҳамма аниқ биламиз. ОИТС — барибир ўлади. Лекин қачон? Сал иситмаси кўтарилиб, оғирлашиб қолса, ие, бошланиб қолдимикан, бугун кечаси узилиб қолармикан, дея шундай кечаларни 4-5 ой яшадик. Бу менинг асабларимга ҳам таъсир қилган. Бўлмасин дейсиз-у, барибир бўлади. Болам бир ёш-у тўрт ойлигида кетди.
Ҳозир бешта фарзандим бор, лекин ҳеч бирининг қилиқлари, мимикалари меникига уникичалик ўхшамайди. Мана шу ўғлим қизиқчи, актёр, санъаткор бўларди. Энг яхши кўрган ўғлим қўлимизда қуриди. Аввало, бу қисмат — 16 та фарзанди бўлиб, ҳаммаси яшаб кетганлар ҳам кўп. Ёлғиз фарзанд бўлиб, энди вояга етаётганда оламдан ўтганлар ҳам бор. Ҳаёт бу, Худо ҳаммани ҳар хил синайди. Лекин ота эзилиб кетаркан. Қўлингдан ҳеч нима келмаса, қанчалик ожизлигингни тан оларкансан. Дунёнинг бор пулини йиғиб келиб беришса ҳам, фойдаси йўқлигини биласан. Ҳозир ўша кунларни эслаб, тақдирга рози бўламан. Оилавий шу касалликни юқтириб олганларни айтиб беришди, ковиддан оилавий кетганларни айтишди — мана шуларни ҳисоб-китоб қилиб, шукр қиламан.
Ўша кунлар ўтиб кетди, лекин менга ибрат бўлди. Яқинда холам онкологик касалликлар шифохонасида ётиб чиқди. Ҳар куни бориб турдим. Докторлар билан гаплашаётганимда гувиллаб одам йиғилиб кетди. Кимдир онасига, кимдир отасига, бошқа биров боласига қараяпти. Расмга тушиб бўлишгандан кейин ҳам кетишмади. Уларга ҳам қўлимдан келганча далда бердим, дейди сўз устаси.
Изоҳ (0)