Ҳаммамиз ҳам соғлом ва чиройли терига эга бўлишни истаймиз. Аммо баъзан эътиборсизлик ёки билимсизлик сабабли керакли натижага эриша олмаймиз. Энг оддий кўринган хатолар ҳам теримизга сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Қуйида дерматолог ва косметолог Екатерина Каминская юз парваришидаги энг кенг тарқалган хатолар ҳақида сўзлаб берди.

1. Юзни тозаламаслик ёки нотўғри тозалаш
Юз парваришининг энг муҳим босқичи уни тозалаш ҳисобланади. Юз ва бўйин соҳасида тўпланган тер, чанг ва косметика қолдиқларини ўз вақтида ювиш муҳим. Афсуски, баъзи аёллар бу нарсага бепарволик билан қарайди. Натижада терида майда тешиклар (поралар) ичи тўлиб қолади, бактериялар кўпаяди ва терининг ўзини-ўзи ҳимоя қилиш хусусиятлари пасаяди.
Бошқа тарафдан, айримлар юзни тез-тез кучли воситалар билан ювишга одатланган, бу эса терини қаттиқ қуритади, тирнайди ва қизаришларга олиб келади. Энг тўғри ечим: салицил ёки гликол кислотаси мавжуд бўлган юмшоқ тозаловчи воситалар (гидрофил ёғ ва юз тозаловчи кўпик)дан кунига икки мартадан кўп бўлмаган ҳолда фойдаланишдир.
2. Нотўғри танланган косметик воситалар

Бугунги кунда косметика бозори хилма-хил маҳсулотларга тўла, янги трендлар ва блогерлар тавсиялари эса аёлларни чалғитиб қўяди. Масалан, харидорлар ўз тери турини (қуруқ, ёғли, сезувчан, аралаш) ҳисобга олмасдан, реклама қилинган маҳсулотни сотиб олишади. Натижада у восита тери муаммосини ҳал қилмайди ёки тошмаларга сабаб бўлади.
Ёдда тутинг: сизга мос келган восита бошқаларга тўғри келмаслиги мумкин. Ҳар кимнинг териси ўзига хос ва унга мос косметика алоҳида ёндашув билан танланади. Тери турини аниқ билиш ва унга мос воситаларни танлашда косметолог ёрдам бера олади.
3. Терини етарлича намлантирмаслик
Яна бир хатолик — терини намлантиришга етарлича эътибор бермаслик. Бунинг оқибатида организмда сувсизланиш юз бериши мумкин, бу эса терининг қуришига, эластиклигини йўқотишига, қизариш ва яллиғланишларга олиб келади.
Бунинг олдини олиш учун етарли миқдорда сув ичиш, намлантирувчи кремлар ва зардоблардан фойдаланиш керак. Бунда таркибида гиалурон кислотаси ёки салицил кислотаси бўлган гел асосидаги воситалар айни муддао.
4. Қуёшдан ҳимоя қилмаслик

Кўпчилик SPF (қуёшдан ҳимоя) кремлари фақат ёзда ёки денгиз бўйида керак бўлади, деб ўйлайди. Аслида эса, бундай воситалардан йил давомида ҳар куни фойдаланиш лозим. Ҳатто қуёшли бўлмаган кунларда ҳам тери ултрабинафша нурлар таъсирига учраши исботланган.
Акс ҳолда, терида эрта қариш, пигмент доғлари ёки куйишлар пайдо бўлиши мумкин. Айниқса косметологик муолажалардан кейин қуёшдан ҳимоя қилувчи воситаларини суртиш ва вақти-вақти билан янгилаб бориш жуда муҳим.
5. Тизимли парваришнинг йўқлиги
Тери парвариши изчилликни талаб қилади. Ҳатто энг яхши восита ҳам бир марта фойдаланганда натижа бермайди. Чиройли ва соғлом терига мунтазам парвариш, тўғри овқатланиш, етарли уйқу ва стрессдан узоқлашиш билан эришилади.
Замонавий салон хизматлари, шунингдек, косметолог ва дерматологнинг тавсиялари бу йўлда сизга катта ёрдам беради.
Изоҳ (0)