Россиянинг Санкт Петербург шаҳридаги тарихий марказда ўйинчоқ тўппонча билан рақс тушган Ўзбекистон фуқаросига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.

Ўзбекистонлик йигит беш ойга колонияда жазо ўташга ҳукм қилинган. Бироқ у тергов изоляторида сақланган вақти инобатга олиниб, жазони тўлиқ ўтаб бўлган деб ҳисобланган.
19 ёшли Жавоҳир Сагдуллаев март ойида “Галерея” савдо марказида қўлга олинганди. Унга нисбатан безорилик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилганди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон фуқароси рақс жараёнида “атайлаб ўйинчоқ тўппончани намойиш этган”. Бу атрофдагиларга руҳий таъсир кўрсатиш ва жамоат тартибини қўпол равишда бузиш сифатида баҳоланган. Сагдуллаев айбига иқрор эканини маълум қилган.
Суд Сагдуллаевнинг ҳаракатларини Россия Жиноят кодексининг 213-моддаси 1-қисми “а” банди билан квалификация қилди ва умумий режимдаги колонияда беш ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади... Қамоқда сақланган вақти ҳисобга олиниб, жазо ўталган деб ҳисобланади, дейди Смолнинский район суди матбуот хизмати.
Жавоҳир Сагдуллаев суд залида қамоқдан озод этилган.
Изоҳ (0)