Арнольд Шварценеггер ўзига энг кўп пул келтирган фильм “Терминатор” эмас, балки 1988 йилги “Эгизаклар” комедияси эканлигини маълум қилди. Энди Коэн билан Watch What Happens Live кўрсатувида актёр ўшанда бир сент ҳам гонорар олмаганини, аксинча фильм даромадидан фоиз олганини тушунтирди.

Бу “Эгизаклар” эди, чунки бизга умуман ҳеч нарса тўлашмади — на гонорар, на маош, деди Шварценеггер.
Коэн “гап даромаддан фоиз ҳақида кетяптими”, деб сўраганида актёр тасдиқлади: “Ҳа, айнан шундай. Бу жуда яхши натижа берди — биз бундан катта фойда кўрдик”.
Шварценеггер аниқ суммани айтмади, бироқ бу 40 миллион доллардан кўп эканлигини таъкидлади. “Эгизаклар” комедиясида генетик жиҳатдан мукаммал, аммо содда эркак ўзининг паст бўйли, муттаҳам ва хотинбоз эгизак акаси борлигини билиб қолади. Иккинчи бош қаҳрамонни Дэнни Де Вито ижро этган.

Шварценеггер қўшимча қилишича, “Эгизаклар”нинг давоми ҳам суратга олиниши керак эди. Давомий қисм “Уч эгизак” деб номланиб, учинчи ака ролини Эдди Мерфи ижро этиши керак эди. Бироқ асл фильм режиссёри Айван Райтман суратга олиш бошланишидан олдин вафот этди ва лойиҳа амалга ошмай қолди.
Илгари Шварценеггер комедия жанридаги фильмларда ҳам рол ўйнай олишини киностудияларга исботлаш мақсадида “Эгизаклар” фильмида гонорар олмай иштирок этишга рози бўлганини айтган эди. Бу қарор ўзини оқлади: кам бюджетли фильм бутун дунё бўйлаб 200 миллион доллардан ортиқ маблағ тўплади.
Изоҳ (0)