Исроилнинг Эронга қарши операциясини Россиянинг Украинага босқини билан таққослаб бўлмайди, чунки Киев Россиянинг мавжудлигига ҳеч қандай таҳдид солмаган. Бу ҳақда Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель маълум қилди.

Мен Исроил халқаро ҳуқуққа риоя қилмаяпти, деган фикрга тўлиқ қўшила олмайман. Мамлакатнинг мавжудлиги Эрон ёки ҲАМАС томонидан шубҳа остига олинганида, бунга халқаро ҳуқуқ доирасида жавоб бериш осон эмас. Агар кимларгадир Исроил давлатини йўқ қилиш истагини очиқ айтишга рухсат берилса, у ҳолда Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлиши керак, деди Меркель.
Собиқ канцлер Яқин Шарқдаги ҳозирги конфликтни Россиянинг Украинага бостириб кириши билан таққослади. Меркель Украинага босқин “шубҳасиз халқаро ҳуқуққа зид” эканини айтди. У буни “Украина ҳеч қачон Россияга таҳдид солмагани, шунга қарамай ҳужумга учрагани” билан изоҳлади.
Сиёсатчига кўра, 1990 йиллар бошида Германия ва бутун дунёда “совуқ уруш тугаганидан кейин оптимизм даври” ва “ҳамма нарса яхши томонга ўзгаришига катта умид” ҳукм сурган.
Одамларда озодлик ғалаба қозонди, деган таассурот пайдо бўлди, энди бу бутун дунёда қачон содир бўлиши фақат вақт масаласи, деган таассурот бор, деди у.
Меркелнинг таъкидлашича, бу йўлдаги умидларни пучга чиқарган воқеалар қаторига собиқ Югославиядаги урушлар, 2008–2009 йиллардаги молиявий инқироз, пандемия ҳамда Россия билан муносабатларнинг кутилганидек ривожланмагани киради.
Исроил, Эрон ва АҚШ
13 июнга ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари Эронга қарши кенг кўламли операция бошлади. Тель Авив Теҳронни махфий ядро дастурини амалга оширишда айблади. Ҳужумлар пайтида Эроннинг юқори лавозимли ҳарбийлари ва ядро олимлари ҳалок бўлди. Ислом Республикаси душманнинг ҳарбий объектларига ҳужум қилиб, “Ҳақиқий ваъда 3” номли жавоб операциясини бошлади. Томонлар кунига бир неча марта ўзаро зарбалар алмашмоқда.
22 июнь куни ҳужумларга АҚШ ҳам қўшилди. Қўшма Штатлар Эроннинг жами учта — Натанз, Исфаҳон ва Фордо ядровий объектига зарба берди. Операцияда 125 та самолёт ва 75 та бомба қўлланди. Эрон президенти Масъуд Пезешкиён мазкур ҳужумга жавоб қайтарилишини истисно этмади.
Изоҳ (0)