Дунёдаги энг кўп ташриф буюриладиган музей, санъат, гўзаллик ва толерантликнинг глобал рамзи бўлган Лувр 16 июнь куни ёпилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Хабарга кўра, ёпилишнинг сабаби уруш ва террор эмас, балки музейнинг чарчаган ходимлари эканлиги айтилмоқда. Улар муассасанинг “ичидан қулаётганини” билдирган ва иш ташлаш эълон қилган.
Галерея ходимлари, чипта сотувчилари ва хавфсизлик ходимлари бошқариб бўлмайдиган оломон, ходимларнинг сурункали етишмовчили ва касаба уюшмасининг “чидаб бўлмайдиган” меҳнат шароитларидан норози.
Луврнинг омма учун эшикларини ёпиши камдан кам учрайдиган ҳодиса. Бундай ҳолат асосан уруш ва пандемия пайтида ёки иш ташлашларда содир бўлган. Жумладан, 2019 йилда одамларнинг ҳаддан ташқари кўплиги сабабли ва 2013 йилда хавфсизлик сабабли музей ёпилган эди.
Яқинда Франция президенти Эммануэл Макрон Луврдаги асосий муаммолар — сув сизиб чиқиши, ҳароратнинг кескин ўзгариши, эскирган инфратузилма ва музей дош бера олмайдиган оломондан қутқариш учун ўн йиллик кенг қамровли режани эълон қилган эди. Аммо бу муддат ҳам музей учун, ҳам унинг ишчилари учун узоқлик қилаётгани айтилган.
“Биз ёрдамни бунча вақт кутолмаймиз. Ҳозир ходимларимиз босим остида. Гап фақат санъатда эмас, уни ҳимоя қилаётган одамларда”, деди касаба уюшмаси вакили.
Макроннинг “Луврнинг янги Ренессанси” деб номланган таъмирлаш лойиҳаси музейдаги энг машхур экспонат “Мона Лиза”ни алоҳида хонага олишни кўзда тутади. Хонага вақти белгиланган чипта билан кирилиши айтилган. 2031 йилгача Сена дарёси яқинида музейга янги кириш йўли қурилиши режалаштирилган.
Лувр 2024 йили 8,7 миллион сайёҳни қабул қилган — бу унинг инфратузилмаси учун мўлжалланганидан икки баравар кўп дегани. Ходимларнинг айтишича, кунлик чегара 30 минг ҳисобланади. Бундан ташқари музейда ҳожатхоналар сони оз ва бино ички ҳарорати “иссиқхона эффекти”ни бериши айтилган.
Тўлиқ таъмирлаш режасининг тахминий қиймати 700-800 миллион еврога баҳоланган. У чипталар тушуми, хусусий хайриялар, давлат маблағлари ва Луврнинг Абу Дабидаги филиали лицензия тўловлари ҳисобидан молиялаштирилиши кутилмоқда. Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган сайёҳлар учун чипталар нархи 2025 йилнинг охирида ошиши кутилмоқда. Аммо ишчиларнинг айтишича, уларнинг эҳтиёжлари 10 йиллик режадан кўра долзарброқ.
Изоҳ (0)