Ўзбекистонда ҳукумат қарори билан деҳқонларга субсидия ва грантлар ажратиш тартиби белгиланди.

Қарор билан “Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан грант, субсидия, кредит ва лизинг ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низом деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан грант, субсидия, кредит ва лизинг ажратиш тартибини белгилайди.
Қуйидагилар жамғарма ҳисобидан молиявий қўллаб-қувватлаш турлари ҳисобланади:
- ҳар йили 500 та маҳаллада биттадан аҳоли томорқасида амалга оширилган энг намунали ва инновация лойиҳа учун БҲМнинг 100 бараваридан (37,5 миллион сўм) ошмаган миқдорда грантлар ажратиш;
- уста деҳқонлар томонидан қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун ҳар бир курс учун БҲМнинг 15 бараваригача (5 миллион 625 минг сўм) миқдорда субсидия ажратиш.
- муайян маҳалладаги 50 фоиз хонадонларнинг томорқасида экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйиб берган уста деҳқонларга 100 миллион сўмгача субсидия ажратиш;
Ҳудудий меҳнат органи “маҳалла еттилиги” томонидан ўтказилган хатлов натижаларига кўра аниқланган уста деҳқонлар билан маҳалланинг 50 фоиз хонадонлари томорқасида экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйишни ўрганиб чиқади.
Вазирлик 10 иш кунида таклифларни ўрганиб, маҳалланинг 50 фоиз хонадони томорқасида экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўядиган уста деҳқонларни танлайди. Ҳудудий меҳнат органи бир иш кунида субсидияни “Онлайн маҳалла” электрон платформасидаги уста деҳқонларнинг банк карталарига ўтказиб беради.
Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш
Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир қатор молиявий қўллаб-қувватлаш тартиблари жорий этилиши президентнинг 2025 йил 14 февралдаги фармонида белгиланганди. Ҳужжатга кўра, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари ҳамда уларга хизмат кўрсатувчи субъектларга тижорат банклари орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни қайта ишлаш, қуритиш, сақлаш ва қадоқлаш лойиҳалари учун 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада (шундан 5 фоиз банк маржаси) кредитлар ажратилади.
Ўзбекистонда томорқадан самарасиз фойдаланаётганларга кўриладиган чоралар ҳам ишлаб чиқилган. Хусусан, “Онлайн маҳалла” электрон платформаси маълумотлари асосида экин экилмагани аниқланган йил учун ер солиғи ставкаси уч карра миқдорида ҳисобланади.
Изоҳ (0)