Ўзбекистонда электромобилни уйда қувватлантириш учун сутканинг муайян соатларида оширилган ва арзонлаштирилган тарифлар жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бу борада қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унда истеъмол кўп бўладиган эрталабки соат 06:00 дан 10:00 гача ҳамда кечки соат 17:00 дан 22:00 гача бўлган вақт давомида электромобилни қувватлантирганлик учун нисбатан оширилган тариф, тунги вақтда эса 50 фоизгача арзонлаштирилган тариф қўлланиши мўлжалланмоқда.
Вазирлик Тошкентда электромобилларни қувватлаш станциялари ўчириб қўйилаётгани ҳақидаги хабарларга яна бир бор изоҳ бериб ўтди. Қайд этилишича, декабрь ойининг ўрталарида тегишли идоралар ўтказган рейд чоғида субистеъмолчилар фаолияти белгиланган талабларга қанчалик мослиги ўрганилган. Ўрганиш якунларига кўра, шу куннинг ўзида бир қанча станциялар ўчирилган.
Энергетика вазирлигининг аралашувидан сўнг, фаолиятида камчиликка йўл қўймаган станциялар тармоққа қайта уланган. Фақат техник шартлар ва бошқа мажбуриятларга доир муаммоларга эга бўлган 11 дона станцияга ҳужжатлар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиб олгунга қадар қонунчиликда белгиланган оралиқда муддат белгиланган.
“Айни пайтгача улар ҳам тармоққа уланган бўлиб, бугун Тошкент шаҳрида ўчирилган биронта ҳам қуввантириш станцияси йўқ”, дейди энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов.
Унинг билдиришича, қонунчиликка кўра, субабонент сифатида электромобилларни қувватлантириш станцияларини ўз ҳудудига улаган барча тадбиркорлик субъектлари ҳудудий электр тармоқлари филиалларига мурожаат қилган ҳолда, ўзларининг техник шартларини ўзгартиришлари ва янги қувватларни белгилаб олиши зарур.
Бугунги кунда Ўзбекистонда мингга яқин, Тошкент шаҳрининг ўзида 500 дан ортиқ қувватлантириш станциялари ишлаб турган бўлса, уларнинг фақат 103 таси техник шартларга эга. 2024 йил 1 ноябригача Ўзбекистонга 5417 та қувватлантириш станцияси олиб кирилган ва шу йилнинг ўзида ана шунча техник шарт олиниши керак бўлган.
2024 йил декабрь ойи ўрталарида Энергетика вазирлиги электромобилларни зарядлаш станцияларини тармоқдан узиш бўйича топшириқ берилмаганини маълум қилганди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада 2024—2025 йилларда электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига кўра, 2025 йил 1 февралдан давлат муассасалари, меҳмонхоналар, бизнес-марказлар, савдо ва умумий овқатланиш объектлари, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари инфратузилмаси объектлари лойиҳаларида тўхташ жойларининг камида 5 фоизи электромобилларни қувватлаш станциялари билан жиҳозланиши керак.
Шунингдек, кўп қаватли уйлар яқинида, шу жумладан, уларга яқин жойлашган тўхташ жойларида максимал қуввати 22 кВт бўлган станцияларни ўрнатилади.
Изоҳ (0)