Британиянинг Kalo Holdings компанияси Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштиришга қаратилган лойиҳаларга сармоя киритишга тайёр. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.
Гап савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар ва дам олиш масканлари, ёқилғи қуйиш шохобчалари, меҳмонхоналар ҳамда 60 киловатт ва ундан юқори қувватли электромобилларни қувватлаш имкониятига эга бўлган станцияларни қуришга қаратилган тўғридан тўғри инвестициялар ҳақида кетмоқда.
Компания вакиллари Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов билан музокаралар чоғида сармоя киритишга тайёр эканликларини маълум қилган. Уларга Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар, мамлакатнинг иқтисодиёт, савдо ва қурилиш соҳасидаги салоҳияти ҳақида маълумот берилган.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан ушбу лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувга эришилган. Мазкур лойиҳалар амалга оширилган тақдирда Ўзбекистон аҳолисининг умумий манфаати учун атроф-муҳит ва табиий ресурсларни асраб-авайлаган ҳолда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга катта туртки бўлиши алоҳида таъкидланган.
Октябрь бошларида Ўзбекистон илк бор 4,25 трлн сўм миқдоридаги яшил суверен халқаро облигациялар ҳамда 660 млн доллар миқдоридаги халқаро облигацияларни Лондон фонд биржасида жойлаштирганди. Сўмда чиқарилган суверен халқаро облигациялар МДҲ давлатлари ичида илк “яшил” суверен облигациялар ҳисобланади.
Изоҳ (0)