Германиянинг “Флершайм” футбол жамоаси сўнгги учрашувлардан бирида майдонга ноодатий таркиб билан тушди: барча 11 футболчи “Куртанович” фамилиясида. Ушбу ўйинчилар клуб эгасининг қариндошлари ҳисобланади.
Ўйин бошланғич таркиби қуйидагича эди:
- Дарвозабон: Ҳарис Куртанович
- Ҳимоячилар: Ажет Куртанович, Самир Куртанович, Имран Куртанович
- Ярим ҳимоячилар: Амел Куртанович, Анес Куртанович, Семир Куртанович, Кенан Куртанович, Семин Куртанович
- Ҳужумчилар: Бакир Куртанович, Иброҳим Куртанович.
Жамоанинг энг ёш футболчилари — 18 ёшли Амел ва Имран Куртанович. Энг тажрибали ўйинчи эса 50 ёшли Иброҳим Куртановичдир. Айни дамда “Флершайм” сафида 12 нафар Куртанович рўйхатга олинган.
Бу ғайриоддий ҳолат жамоага ўзига хос тактика қўллаш имконини беради. Мураббий баъзан рақибларни чалғитиш мақсадида Куртановичларни фарқли рақамлар билан майдонга туширади. Шунингдек, футболчилар ўйин давомида фақат босний тилида мулоқот қилишади, бу эса рақибларга стратегияни англашни янада қийинлаштиради. Қишда жамоага яна уч нафар Куртанович қўшилиши кутилмоқда.
Куртановичлар оиласи Сербия, Черногория, Босния ва Косово чегараларида жойлашган Санджак минтақасидан келиб чиққан. 1991 йилда бошланган Югославия урушлари сабабли улар аста-секин Германияга кўчиб ўтган. Бугунги кунда Куртановичлар оиласи тахминан 150 кишидан иборат бўлиб, кўпчилигида Германия фуқаролиги мавжуд.
Ҳозирда “Флершайм” турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди ва юқори дивизионга кўтарилиш учун курашмоқда. Агар бу мақсад амалга ошса, Куртановичлар катта оилавий байрам ташкил қилиш ниятида.
Изоҳ (0)