Tashkent City Халқаро бизнес маркази қурилишини тўрт йил ичида якунлаш режалаштирилмоқда, деб ёзади «Газета.uz» Tashkent City дирекциясига таяниб. Бу давр лойиҳалаштиришдан бошлаб объектларни фойдаланишга топширишгача бўлган босқичларни ўз ичига олади.
Лойиҳа иккита босқичга ажратилган — меҳмонхона ва конгресс-холл, турар жой биноларининг бир қисми ва боғ зонасини биринчи навбатда икки ярим йил ичида фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.
Қурилиш майдони еттита лотга бўлинган, уларда тўққизта инвесторнинг 1,3 миллиард долларлик инвестициялари киритилишини кўзда тутувчи лойиҳаларнинг амалга оширилиши тасдиқланган. Tashkent City ҳудудида қуйидагилар барпо этилади:
- ер ости тураргоҳларига эга «А» синфидаги турар жой мажмуалари;
- болалар боғчаси, халқаро мактаб ва SPA-марказлар;
- 181 минг квадрат метр майдонли савдо маркази;
- кўп функцияли бир нечта баланд бинолар;
- беш юлдузли меҳмонхона, конгресс-холл ва кўргазма маркази;
- тўртта баланд офис биноларидан иборат молиявий марказ;
- эски шаҳар услубидаги, кам қаватли бинолар билан ўралган пиёдалар кўчаси.
Tashkent City дирекцияси конгресс-холл қурилишини бирламчи деб белгилади, у ерда пойдевор қўйиш ишлари бормоқда. Бошқа участкаларда аҳолини бошқа жойга кўчириш ва мавжуд биноларни бузиш жараёнлари якунланмоқда. Инвесторлар ажратилган ҳудудларда биноларни ва инфратузилмани батафсил лойиҳалаштиришга киришди.
Лойиҳани амалга ошириш учун Tashkent City дирекцияси экспертлар жамоасини йиғди, булар: ARUP (Буюк Британия) — архитектура концепциясини ишлаб чиқувчи, Cushman and Wakefield (АҚШ) — тижорат концепциясини ишлаб чиқувчи, SF Landscape Architecture (Италия) — ланшафт концепциясини ишлаб чиқувчи, Prime Tower Group (Ўзбекистон) — бош лойиҳаловчи, Discover Invest (Ўзбекистон) — бош пудратчи ва бошқалар.
Изоҳ (0)