2018 йил 12 август куни Ўзбекистонда қурилиш соҳаси ходимлари куни нишонланади. Республиканинг қурилиш сектори мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда тобора белгиловчи роль ўйнамоқда. Бу мантиқан тўғри ва уни изоҳлаш мумкин – ҳар қандай корхона, у нима билан шуғулланишидан қатъий назар, бинога муҳтож ёки мавжудини унга мослаб реконструкция қилиш керак. Булар орасига канализация, йўллар, ижтимоий соҳа иншоотлари каби инфратузилма объектларини ҳам киритиш лозим.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг қурилиш соҳасида 24 100 та фаолият кўрсатаётган корхона мавжуд, улардан 3 800 таси жорий йилда ташкил қилинган. 2018 йилнинг январь-июнь ойларида қурувчилар томонидан 4 139,0 млрд сўмлик иш ҳажми бажарилди.
Шу йилнинг биринчи ярим йиллигида қурилиш соҳаси иқтисодий фаолиятнинг таҳлил қилинадиган барча турлари орасида Ўзбекистон ЯИM ўсишининг энг юқори кўрсаткичини таъминлади – 9,7%. Асосий капиталга йўналтирилган инвестицияларнинг ўсиш жадаллиги 129,4% ни ташкил қилди. Ушбу инвестициялар таркибида 60,9% ни қурилиш-монтаж ишлари ташкил этади.
Асосий капиталга йўналтирилган инвестицияларнинг катта қисми, яъни 10 656,6 млрд.сўм янги қурилишгақаратилди, бу умумий инвестициялар ҳажмининг 63,3% ни ташкил қилади.
Ушбу иқтисодий кўрсаткичлар Ўзбекистон қурилиш соҳасини энг тез ривожланаётган соҳага айлантирди – ҳозир у ўсиш суръатлари бўйича биринчи ўринда бормоқда, яъни ўсиш кўрсаткичи 2017 йилнинг шу давридаги кўрсаткичлар билан солиштирганда қарийб 112% ни ташкил этди.
Энг юқори ўсиш кўрсаткичларига йирик қурилиш ташкилотлари эришган бўлиб, улар томонидан бажарилган қурилиш ишларининг ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 134% ни ташкил қилди, қурилиш ишларининг умумий ҳажмидаги улуши эса 32,6% га етди.
Кичик қурилиш корхоналари ва микрофирмалар ушбу ҳажмнинг 41,8% ни бажарди, улар бажарган ишлар ҳажми ўсиш суръати эса 108,3% ни ташкил қилди.
Президент томонидан тилга олинган режаларга кўра, шунингдек «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига мувофиқ қурилиш соҳасининг ривожланиши янада кучаяди.
Ҳозирнинг ўзидаёқ 159 та туманда жойлашган 386 та қишлоқда қурилиш ишлари қизғин кетмоқда. Ушбу қишлоқларда 142 мингта индивидуал ва мингдан ортиқ кўп қаватли уйларни таъмирлаш кўзда тутилган.
Уй-жойлар билан бир қаторда 388 та мактаб, 313 та болалар боғчаси, 168 та тиббий муассаса, 38 та маҳалла гузари ва 55 та бошқа ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Бугунги кунга келиб республикада 51 минг 660 та индивидуал ва 518 та кўп қаватли уй, 610 километр электр узатиш линиялари, 66 километр газ қувури, 398 та трансформатор пункти таъмирдан чиқарилди.
Афсуски, дастурга қўшимча равишда киритилган 64 та қишлоқдан 44 тасида, хусусан Андижон вилоятидаги 22 та қишлоғида, Навоий вилоятидаги 6 та қишлоғида, Тошкент вилоятидаги 13 та қишлоғида, Хоразм вилоятидаги 3 та қишлоғида тасдиқланган бош режаларнинг йўқлиги ишларни секинлаштирмоқда.
«Обод маҳалла» дастурига кўра бу йил мамлакатнинг ҳар бир шаҳрида камида иккита маҳалланинг, 2022 йилгача эса ҳар йили камида учта маҳалланинг қиёфаси тубдан ўзгартирилади.
Шу билан бирга 5 минг 607 километр ички йўлларни, 369 та ижтимоий соҳа объектини таъмирлаш, 969 та бозор инфратузилмаси объектлари ва сервис пунктларини ташкил этиш кўзда тутилган.
2018—2019 йилларда «Обод маҳалла» дастурини амалга ошириш учун ҳукумат томонидан 3 триллион 130 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Шу ўринда, инновацион технологиялар ва материалларсиз тасаввур қилиб бўлмайдиган Tashkent city ва Sky city каби мураккаб ва комплекс объектлар қурилишини алоҳида кўрсатиб ўтиш зарур.
30 қаватли ва ундан юқори қаватли бинолар қурилиши юқори сейсмик зонада жойлашган Ўзбекистон тарихида илк бор амалга оширилади. Бугунги кунда замонавий қурилишда қўлланадиган материаллар хавфсизлигига қўйиладиган талабларни, яъни материалларнинг зилзилага чидамлилиги, экология нуқтаи назаридан безарар бўлиши ва ёнғинга бардошлилиги талабларини ҳисобга олмасликнинг иложи йўқ. Бу махсус конструкциялар, инновацион материаллар ва технологиялардан фойдаланишни талаб этади.
Масалан, KNAUF халқаро гуруҳининг бошқарувчи ҳамкори Манфред Грундке Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан 2018 йил май ойида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда модулли қурилиш технологиясини ривожлантиришга тайёрлигини билдирди. У қурилиш майдонида олдиндан тайёрланган қурилиш элементлари ёрдамида бинолар ишлашни кўзда тутади. Компания сиёсати қурилишда ўз материалларидан фойдаланишда комплекс ечимларни назарда тутади.
Бугунги кунда KNAUF компанияси инвестицияларининг умумий миқдори 75 млн. АҚШ долларига етди. Ушбу немис компанияси «KNAUF GIPS Бухоро» ишлаб чиқариш линиясини кенгайтиришга 2020 йилга қадар 22 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ инвестиция қилишни режалаштиргани инобатга олинадиган бўлса,ушбу кўрсаткич қарийб 100 млн. АҚШ долларига етади.
2017 йилда Жиззахда базальт тола, арматура ва композит тўр ишлаб чиқарувчи Basalt заводини ишга туширган Mega Invest Industrial компаниясининг технологик сиёсати ҳам таклиф қилинаётган материаллардан фойдаланган ҳолда қурилиш технологиясида комплекс ечимларни кўзда тутади.
2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида «Ўзқурилишматериаллари» АЖ тасарруфидаги 110 дан ортиқ корхона 2270,9 млрд.сўмлик қурилиш материалларини, шу жумладан 59,4 млрд.сўмлик замонавий талабларга жавоб берувчи маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқарди.
Қурилишда инновацион материаллар мустаҳкамлик, коррозияга чидамлилик, экологиклик ва ёнғин хавфсизлигининг энг қатъий талабларига жавоб бериши зарур.
«Ёнғинлар сабаблари таҳлили, ташқи томондан чиройли бўлган, махсус сертификатлаштириш жараёнидан ўтмаган турли пардоз материалларига бўлган қизиқиш енгил алангаланиш хавфига сабаб бўлишини кўрсатди. Бу нафақат катта моддий йўқотишларга, балки ундан ҳам мудҳиш оқибатларга олиб келади, чунки бундан одамлар азият чекади, кўп ҳолларда эса улар ҳалок бўлади. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун бинолар ва конструкцияларнинг ички ва ташқи пардозида ёнғинларга бардошли, сертификатланган замонавий қурилиш материалларидан фойдаланиш янгидан қурилаётган ва реконструкция қилинаётган биноларга қўйиладиган қатъий талаб ҳисобланади. Ёнғин хавфсизлиги бинони лойиҳалаштириш босқичида ҳисобга олиниши керак », — дея таъкидлайди ёнғин хавфсизлиги бўйича эксперт Алишер Эшонов.
Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Дилшод Тиллахўжаевнинг сўзларига кўра, Ёнғин хавфсизлиги хизмати бинолар ва иншоотлар қурилишида, уларни реконструкция қилиш ва таъмирлашда «Ўзстандарт» мувофиқлик сертификатларига ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ Ёнғин хавфсизлигини илмий-техникавий таъминлаш маркази баённомаларига эга бўлган пардоз материалларини қўллашни тавсия қилади.
Энергияни тежаш, бинолар ва иншоотлардан тежамкорлик билан фойдаланишга қўйиладиган талаблар ҳам иссиқликни ўтказмайдиган материаллардан фойдаланишни, бунинг устига яна ўрта ва узоқ муддатли келажакда иқтисодий фойдали бўлиш заруратини ҳам қўяди. Бу эса, ўз навбатида, биноларни иситиш ва уларни иссиқ сув билан таъминлашнинг эскирган тизимларини қайта кўриб чиқиш заруратига олиб келади.
«Янги қурилишлар шароитида, ишлаб чиқилган нормативлар, регламет мавжудлиги шарти билан, тегишли техник назоратда, маҳаллийлаштирилган қозонхоналар бўлиши маъқул ҳисобланади. Бироқ бунинг учун маҳаллий қозонхоналарга қўйиладиган техник талаблар, уларнинг қурилишини молиялаштириш, қозонхона фаолиятини бошқариш ва унга техник хизмат кўрсатиш тартиби, марказлаштирилган диспетчерлаштириш, шу жумладан фавқулодда ҳолатларда ишлайдиган диспетчерхоналар лойиҳасини ишлаб чиқиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий базани тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Кўпгина ривожланган мамлакатларда иссиқлик таъминоти тизимларига комбинациялаштирилган ёндашувдан фойдаланилади, бу ижобий иқтисодий самарани намойиш этмоқда» – дейди «Элит Полимер» компаниясининг раҳбари Абдуазиз Раҳимов.
Инновацион материаллар ва технологиялардан фойдаланиш барча даражадаги кадрларни – ишчи қурилиш мутахассисликларидан тортиб, то юқори даражадаги билим ва маҳоратга эга, замонавий даражада ишлашга қодир менежерларни тайёрлаш масаласини илгари сурмоқда.
Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги Рисбай Жўраевнинг фикрича, агар эски ёндашувларга амал қилинса, унда мантиққа тўғри келмайдиган вазият юзага келади, яъни ўқувчи ўқишни тугатгунича, у ўрганган материаллар ҳам, техника ҳам эскиради. Ишчилар жамоасига келгандан кейин эса у ҳаммасини яна қайтадан ўрганишга мажбур бўлади, бу эса қурилиш суръати ва унинг сифати сусайяди, дегани, шунингдек иқтисодий кўрсатгичларга салбий таъсир кўрсатади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўрта махсус таълим маркази ушбу муаммоларни ҳал этишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширмоқда. Коллежлар ва корхоналар ҳамкорлик қилиши учун Марказ томонидан қурилиш материаллари ва техникасини ишлаб чиқарувчи ҳамда қурилишда комплекс ечимларни таклиф қилувчи йирик халқаро ва маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
«Ислоҳотларнинг моҳияти, ўқишни ўқувчининг келажак иш жойи ва шароитларига иложи борича яқинлаштириш, уни ўз маҳоратини мустақил такомиллаштиришга ўргатиш, унга ўз билимларини мустақил равишда янгилаш кўникмаларини беришдан иборат», — дейди Рисбай Жўраев.
Бугун, мамлакатда қурилишлар авж олган бир пайтда, нафақат мамлакат эришган иқтисодий муваффақиятларни, балки иш ўринларини яратиш каби муҳим ижтимоий жиҳатни ҳам қайд этиш мумкин.
Жамоатчилик муҳокамасига ҳавола қилинган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва ижтимоий ривожланиш миллий агентлигини яратиш, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг Бош режаларини ишлаб чиқиш бўйича халқаро танлов эълон қилишни кўзда тутувчи «Урбанизацияни тартибга солиш ва давлат уй-жой сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси қурилиш ҳар доим давлатнинг диққат марказида бўладиган соҳага айланганидан далолат бермоқда.
Лола Исломова, журналист
Изоҳ (0)