Ўзбекистонлик боксчи Исроил Мадримов супер яримўрта вазн тоифасида собиқ WBA чемпиони галдаги 2 жанги ҳақида гапирди.
Боксчи “Olamsport” сайтига берган кичик интервьюсида бўлажак икки рақиби — украиналик Сергей Богачук ҳамда америкалик WBC Интерим камари соҳиби Вержил Ортисга қарши кечадиган жанглари ҳақида фикр билдирди.
“Ҳозирда тайёргарлик давом этяпти. Кўрамиз, ҳозирча аниқ бир қарорга келмадик. Асосий фокус, яъни эътибор Богачукка қаратилган. Биринчи навбатда, айнан украиналик боксчи. Иккала рақибим ҳам кучли. Иккисининг ўзаро ўтказган жангини кўрдим. Ҳар иккиси ҳам тенг жанг қилган. Вержил билан ўз вақтида спарринг ҳам ўтказганмиз. Тўғри, қийин рақиб, лекин тайёргарлик кўриб, ютса бўлади. Қизиқ жанг бўлади”, деди Мадримов.
Ўзбекистонлик боксчининг Сергей Богачук билан жанги 21 декабрь, Вержил Ортис билан баҳс эса 2025 йилнинг 22 февраль куни ўтказилиши режалаштирилган. Икки жанг ҳам Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтади.
Маълумот учун, 29 ёшли Исроил Мадримов ҳозирга қадар 12 та жанг ўтказиб, 10 та ғалаба, 1 та мағлубият ва 1 та дуранг қайд этган. Украиналик 29 ёшли Сергей Богачук (24-2-0) эса ўзининг охирги жангини Вержил Ортисга қарши ўтказиб, имкониятни бой берган.
26 ёшли Вержил Ортис Жуниор ҳисобида эса 22 та ғалаба бор. У сўнгги жангида Мадримовнинг бўлажак рақиби Богачукни очколар ҳисобига кўра таслим этганди.
Изоҳ (0)