Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда боксчи Лазизбек Муллажонов допинг қоидаларини бузгани, натижада Париж–2024 Олимпиадасидаги олтин медали бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо бу даъволар мутлақо асоссиз экани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси расмий баёнот берди.

Федерация маълумотига кўра, Муллажонов профессионал боксда фаолият олиб бораётган спортчи сифатида ҳар доим допинг қоидаларига қатъий амал қилган. У топширган тестлар доимий равишда манфий натижа кўрсатган. 2025 йил 11 июнь куни Халқаро Тест агентлиги (ITA) томонидан олинган навбатдаги тестда тақиқланган модданинг борлиги аниқланган.
Лазизбек Муллажонов Париж Олимпиадасидан сўнг, 2024 йил 19 ноябрь куни Фарғона шаҳридаги хусусий шифохонада соч кўчириб ўтказиш жараёнидан кейин спортчига шифокорлар томонидан бир қатор дори воситалари берилган. Мазкур дорилар таркибида айрим тақиқланган моддалар бўлиши эҳтимоли мавжудлиги таъкидланмоқда.
Ўзбекистон бокс федерацияси ва спортчининг ўзи мазкур ҳолат юзасидан Халқаро Тест агентлигига барча зарур ҳужжатларни тақдим этган. Ҳозирда Лазизбек Муллажонов якуний қарорни кутмоқда.
Лазизбек Муллажоновнинг Париж–2024 Олимпиадасидаги олтин медали натижаси бекор қилиниши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳолат Олимпия ўйинларида эришилган натижага ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, — дейилади федерация баёнотида.
Ўзбекистон бокс федерацияси оммавий ахборот воситалари ва блогерлардан текширилмаган, ёлғон ёки нотўғри талқин этилган хабарларни тарқатмасликни сўради.
Изоҳ (0)