Россияда 3,4 миллион аҳоли яшайдиган 129 та кичик шаҳар йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турибди. Бу ҳақда Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси мутахассислари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларида маълум қилинди.

Олимларнинг маълумотларига кўра, сўнгги 10 йил ичида мазкур шаҳарларда аҳоли сони 314 минг кишига камайган. Аҳоли сонининг қисқаришидан ташқари, бу аҳоли пунктларининг йўқолишига, бандликнинг пасайиши ҳамда кичик ва ўрта бизнес вакиллари сонининг камайиши ҳам сабаб бўлмоқда.
Аҳоли сони энг кўп қисқарган жойлар мамлакат шимолида жойлашган кўмир, металлургия ва ўрмон саноати шаҳарлари, шунингдек, иқтисодий инқирозга учраган ҳудудларнинг чекка шаҳарлари ҳисобланади.
Хавф остидаги шаҳарлар қаторига Юқори Тагил (Свердловск вилояти), Трубчевск (Брянск вилояти), Инта (Коми), Кем ва Медвежегорск (Карелия), Торжок (Тверь вилояти) киради.
Академиянинг ривожланиш иқтисодиёти тадқиқотлари лабораторияси мудири Степан Земцовга кўра, кичик шаҳарларнинг “қисқариш” жараёни бир неча авлод умри давомида кечиши мумкин. Шимолий ҳудудларда бу жараён тезроқ, Қора тупроқ ҳудудида эса секинроқ боради.
“Янги иқтисодий рағбатлар пайдо бўлса — масалан, логистика оқимларини қайта тақсимлаш, саноат ёки агросаноат кластерларини яратиш, туризм соҳасидаги инвестиция лойиҳалари, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқаришни қайта тиклаш — кичик шаҳар йўқотган вазифаларини қайтариб олиши мумкин”, дейди у.
Маълумот учун, Россияда аҳолиси 50 минг кишигача бўлган шаҳарлар кичик шаҳарлар ҳисобланади. 2020 йилги рўйхатга олиш натижаларига кўра, мамлакатда бундай шаҳарлар сони 801 тани ташкил этади.
Изоҳ (0)