АҚШ президенти Дональд Трампнинг депортация сиёсати доирасида Руанда ҳукумати мамлакатдан 250 нафаргача ноқонуний муҳожирни қабул қилишга рози бўлди. Бу ҳақда Arab News хабар берди.

Бу сафарги депортация ҳам ноқонуний муҳожирларни учинчи давлатларга юбориш режалари доирасида амалга оширилмоқда. Руанда ҳукумати вакили Ёланде Маколо бу ҳақда 5 август куни Associated Press ахборот агентлигига расмий баёнот берган. Аммо депортация жараёнининг аниқ вақти ҳозирча ошкор қилинмаяпти. Май ойида Руанда АҚШ билан шунга ўхшаш битим бўйича музокаралар олиб бораётганини эълон қилганди. Эндиликда ушбу режалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Руанда аввал ҳам бу каби халқаро миграция келишувларида иштирок этган. 2022 йилда ушбу давлат Буюк Британия билан муҳожирларни қабул қилиш бўйича шартнома имзолаган эди. Аммо бу келишув кўплаб танқидларга сабаб бўлиб, 2023 йилда Буюк Британия Олий суди уни ноқонуний деб топган.
Маълум бўлишича, АҚШ аввалроқ Жанубий Судан ва Эсватинига жами 13 нафар ноқонуний муҳожирни қайтариб юборганди. Трамп маъмурияти уларни АҚШда “жиноят содир этган хавфли шахслар” дея таърифлаган. Шунингдек, бу орада юзлаб венесуэлаликлар ва бошқа мамлакат фуқаролари Коста Рика, Салвадор ва Панамага депортация қилинган.
Изоҳ (0)