Феруза Норматова асли профессионал актриса, кино ва театр майдонида тажриба орттиргани билан кўпчилик ҳамкасбларидан ажралиб туради. Афсуски, сўнгги йилларда у кино оламидан бутунлай узоқлашди ва бор эътиборини вайнерликка қаратди. Бу йил 35 ёшни қаршилайдиган Феруза Норматованинг санъат соҳасини танлашига нима сабаб бўлган ва нега у кино оламини жуда эрта тарк этди? Қуйида бу каби саволларга жавоб топасиз.
Актриса Феруза Норматова 1989 йилнинг 27 сентябрида Сирдарё вилоятининг Бахт шаҳрида дунёга келган. У оилада тўнғич фарзанд, унинг икки синглиси ва бир укаси ҳам бор. У Бахт шаҳридаги 14-мактабда таҳсил олиб, 2005 йили Тошкент Маданият коллежига ўқишга киради. Тошкентда яшаб ўқиш ёш актрисага осон кечмайди. Шу боис у ижодини раққосаликдан бошлайди. Аммо ҳеч бир интервьюсида бу ҳақда айтиб ўтмаган.
Актриса 2008 йили коллежни тамомлаб, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ўқишга қабул қилинади. Тўрт йил мобайнида маҳоратли педагог Жўра Маҳмудов раҳбарлигида таҳсил олиб, ўқишдан ташқари, клипларда кичик ролларни ижро этади. Институтни тамомлаган йили “Шу етмай турувди” номли фильмга таклиф этишади. Актриса 2018 йилга қадар турли-туман ролларни ижро этади. Аммо уларнинг ҳеч бири уни актриса сифатида кашф этмайди. Одамларга қиёфаси таниш бўлса-да, бирорта роли унга муваффақият келтирмайди.
2018 йили актрисани “Фитна” сериалига таклиф этишади. У турмуш ўртоғига хиёнат қиладиган келинчак ролини моҳирлик билан ижро этади.
— Бу рол учун жуда кўп танқидлар эшитганман. “Уни бекор ижро этибсиз, ҳали турмушга чиқмай туриб бундай ролни ижро этманг”, деганлар ҳам бўлган. Мен ҳеч бир ролимда ўзимни ижро этмайман. Устозларимиз актриса мисоли пластилин, ролга мослашиб кетиши керак, деб ўргатишган, — дейди актриса Феруза Норматова.
Ижодни бошлаган йиллари Феруза Норматова ҳам кўплаб молиявий қийинчиликларга учраган. Чунки у пайтда актрисага бериладиган гонорар у қадар кўп эмасди. Шу боис у ҳам бошқа ҳамкасблари сингари тўй хизматларига чиқишга мажбур бўлади.
— Ижодда нималардир қилишга, ўз ўрнимни топишга ҳаракат қилардим, аммо ҳеч кўнглим тўлмасди. Институтни тамомлаган йилим Ўзбек давлат драма театрига ишга кирдим. Аммо у ерда узоқ вақт ишлолмадим. Ундан кейин “Дийдор” театр студиясига ишлашга бордим. У ердаги муҳит ўзгача эди. Раҳматли Баҳодир Йўлдошевдан жуда кўп нарсаларни ўргандим, — дейди Феруза Норматова.
Актриса театрдаги фаолиятидан ташқари, тўй хизматларида ҳам бошловчилик қиларди. Унинг ижодига бефарқ бўлмаган Даврон Кабулов уни “Миллион” жамоасига таклиф этади.
— Комик ролларни ижро этганман, аммо жамоада иштирок этишга бир оз иккиланганман. “Сиз уддалай оласиз”, дейишганидан кейин ишончни оқлаш учун бешта концерт учун шартнома тузганмиз. Гонорар суммаси юқори эди. Маъруф Носировнинг таклифи билан шевада гапирадиган аёл образи пайдо бўлган. Ўша пайтда тўйларда чирпирак бўлиб ўйнайдиган раққосанинг видеолари ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Аввалига бу ролни ижро этишни истамаганман. “Уяламан, буни ижро этолмайман”, деганимда жамоа аъзолари “Сиз орқали шундай раққосаларга кўзгу тутамиз”, деб аранг кўндиришган. Аммо саҳна кўринишлари кутилганидан ҳам аъло даражада қаршиланган, — дейди актриса Феруза Норматова.
Актрисага “Миллион” жамоасидаги иштироки омад олиб келди. Аммо жамоадаги иштироки “Дийдор” театр студияси раҳбари, режиссёр Баҳодир Йўлдошевга ёқмади. Унга жамоа ёки театрни танла, деган шарт қўйилди.
— Баҳодир Йўлдошев тартибни яхши кўрадиган инсон эди. Афсуски, мен бир неча марта репетицияларга кечикиб боргандим. Театрдаги ижодий муҳитни яхши кўрардим, аммо молиявий жиҳатни ўйлаганда жамоадаги иштироким ҳам ёқарди. Оиланинг тўнғич фарзандиман, ука-сингилларимни ўқитиш учун мен ҳам ҳаракат қилишим керак эди. Шу боис театрдан кетишга мажбур бўлдим, — дейди актриса Феруза Норматова.
Дурдона Қурбонова ва Феруза Норматова “Миллион” жамоасидаги иштирокидан сўнг, бир-бири билан аразлашиб қолган. Дурдона Қурбонова ҳамкасби билан ўртасидаги келишмовчиликни қуйидагича изоҳлаган.
— Нега муносабатимиз яхши эмаслигини у актрисадан сўраш керак. Ўша пайтда ўртамизда ҳар хил гап-сўзлар бўлган, ҳозир ҳаммасига тўғри қарайман. Атрофдаги инсонлар ҳадеб итараверишса, унга талпинавермайсиз-ку. Бундан ташқари, саломга яраша алик олинади. У актриса ҳам муомаласига яраша жавоб олган. Лекин ҳозирги кунда уларга нисбатан душманчилигим ҳам, ортиқча гапим ҳам йўқ, — деган актриса Дурдона Қурбонова.
Феруза Норматова “Миллион” жамоасида узоқ вақт фаолият юритмаганининг сабабини қуйидагича изоҳлайди.
— “Миллион” жамоаси билан 5 йиллик шартнома тузган эдик, тўғрироғи 5 йил эмас, 5 та концертга шартнома тузилганди. Мен бу концертлардан 3 тасида қатнашдим, яна 2 та концерт қолган эди, у ёқда фаолиятимни тўхтатишга мажбур бўлдим.
Жамоадан кетишимга ҳар хил сабаблар бор, айнан битта яхлит сабаб йўқ. Мен “Мендирман Жалолиддин” сериали сёмкаси учун Туркияга кетдим, март ойида карантин бўлиб қолди, қайтолмадим, репетицияга қатнашолмадим, бошқа қизлар билан репетициялар давом этди. Мен ноябрда келдим, концерт декабрда эди, улгуришим мумкин эди, лекин сериални давомига ҳам кетишимиз керак эди. Вақт масаласи ва сериал сёмкаларидан бўшолмай қолиб, тушунмовчилик бўлмаслиги учун кетишга қарор қилдим ва улар билан келишиб олдим.
Кетишимда молиявий жиҳатдан муаммо бўлмади, агар мен концертда чиқиб, гонораримни беришмаган бўлса, айтишим мумкин эди, лекин менда бундай муаммо юзага келмаган.
Мен “Миллион”да чиқишни бошлаганимдан кейин, ижодимда “Миллион”га кўпроқ урғу қаратила бошланди, мен актрисаман, у ерда ҳам актриса эдим, лекин у ерда фақат битта жанр — комедия, лекин менинг драматик томонларим ҳам бор, мен барибир бу йўлда ҳам ижод қилишим керак. Актрисалик жиҳатларимни кучайтиришим, ўз устимда ишлашим керак. Шу сабабдан “Мендирман Жалолиддин”ни танладим.
Даврон ака менинг сериал кастингидан ўтганимни эшитиб, жуда хурсанд бўлгандилар, жавоби чиқмасдан олдин ҳам хабардор бўлиб, сўраб турдилар. Бутун жамоамиз хушхабарни эшитиб хурсанд бўлишди. “Ие, энди концерт нима бўлади?” ҳам дейишди. Лекин мен учун “Мендирман Жалолиддин” тарихий сериали яхши лойиҳа эканлигини таъкидлаб, қўллаб-қувватлашган, — дейди актриса Феруза Норматова.
Актриса “Мендирман Жалолиддин” сериалида Ўтрор ҳокими Инолчихоннинг қизи ролини ижро этган. Аммо сериалнинг суратга олиш жараёнлари карантин вақтига тўғри келгани учун ижодий жамоа узоқ муддат Туркияда қолиб кетади. Ўша вақтда актриса оғир касалликка чалингани маълум бўлади.
— Аҳволим ниҳоятда ёмонлашди, коронавирусдан ҳам оғирроқ касалликка чалиндим. Туркиялик шифокорлар текширувдан ўтказиб, жигарим хасталангани ва бунга овқатдан заҳарланиш сабаб бўлгани ҳақида айтишди. Касалликнинг яширин даври олти ой ёки бир йил бўлар экан. Туркияда эмас, балки Ўзбекистонда заҳарлангандирман, деган хаёлга ҳам бордим. Кўп ҳолларда бу заҳарланиш қўзиқориндан бўлар экан. Касал бўлмасимдан аввал қаҳва ва энергетик ичимликларни яхши кўрардим. Шифокорлар иккисини бутунлай чеклашди. Бу мен учун янада оғир эди. Ҳайриятки, ҳаммаси тез орада изига тушиб кетди, — дейди актриса Феруза Норматова.
Актриса “Мендирман Жалолиддин” сериалининг иккинчи мавсумида суратга тушишни истамайди. Суратга олиш тайёргарликлари бошланган вақтда у “Парихона” сериалида ҳам бош ролни ижро этаётганди. Қизиғи, ундаги ролидан ҳам воз кечади.
— Ферузанинг ҳижобга кириб, ролни тарк этишини кутмагандик. Чунки у ролга таклиф этилган пайтда бундай қарори борлигини айтмаганди. Шундан кейин бор кучимизни ишга солиб, Ферузанинг қиёфадоши бўлган ҳаваскор актрисани топдик. Энди суратга олиш ишлари бошланади деб турганимизда у турмушга чиқадиган бўлиб қолди. Бўлажак турмуш ўртоғи эса унинг сериалда суратга тушишини истамади. Ундан кейин Нарминжон тахаллусли актриса билан ишлашга қарор қилдик. Аслида сериал сентябрь ойида эфирга узатилиши керак эди. Аммо роллардан бирига актриса Зарина Низомиддиновани таклиф этганимиз боис эфир вақти яна сурилди, — дейди сериал режиссёри Умид Қўчқоров.
Феруза Норматова кейинги пайтларда профессионал санъатда анча камнамо. Балки роллар ижро этмаётганининг асосий сабаби ҳижобга киргани билан боғлиқдир. Аммо у ўзига ҳеч қандай чекловларни қўймаган. Яъни рўмоли сабаб омма эътиборидан йироқда бўлишга ҳаракат қилмайди. У ўз жамоасига эга инстаблогер ва бунинг ортидан мўмайгина маблағ топади.
— 2021 йилда янги турар жой мажмуалари қурадиган компания билан реклама бўйича шартнома тузганман. Шартнома олти ой муддатга тузилган эди. Шунда биз ўзаро олти ой мен уларни реклама қилишга, улар эса хизмат ҳаққимга уйнинг ярим пулини олмасликка келишдик. Олти ойлик реклама хизмати 20 минг долларга баҳоланди. Мен икки хонали уй учун 22 минг доллар пул тўладим, уй менга 42 минг долларга тушди. Компанияга саҳифамда эълон қилинган реклама ёқди ва улар кейинчалик яна бир йиллик шартнома тузишни таклиф қилди. Бу сафар реклама эвазига яна битта хонадон олиб, ота-онамга совға қилдим, — дейди Феруза Норматова.
Актриса 2023 йилнинг август ойида таъқиб қилинаётгани ва бу ҳол уни қўрқувга солаётганини маълум қилганди.
— Аввалига бу ҳақда айтишимни ота-онам исташмаган эди. Атрофимда психопат инсонлар пайдо бўлиб қолган. Ҳатто Сирдарёдаги уйимнинг ҳам манзилини топиб борибди. Ундан кейин Тошкентдаги уйимга ҳам келди. Эшикни очмай, “Ким бу?” десам исмини айтиб, гапи борлигини айтяпти. Ҳайронман, у қулфли эшикни қандай очди? Энг ҳайратланарлиси, у оилам билан Умра сафарига борганимда ҳам худди ўша гуруҳ билан борган. Аэропортда телефонимнинг қуввати тугаб, бир муддат қувватлагич олдида турганман. Instagram саҳифасини кузацам, бир чеккада туриб, мени видеога олган ва тармоққа жойлаштирган. У ортимдан изма-из кузатган. Турфирма билан боғлансам, мен Instagram`га реклама жойлаган куним жой брон қилган экан. Унга нима керак, ҳайронман. Яқинда автотураргоҳда турсам бир йигит келиб, “Эшикни очинг” деб таъқиб қилганди. Ўйлаб қарасам бу воқеаларнинг бари бир-бирига узвий боғлиқдек туюляпти. Шу боис ака-укаларим билан бир уйда туришга қарор қилдим. Мени ёлғиз деб ўйлаётганлар адашади, — дейди актриса Феруза Норматова.
Актрисанинг шахсий ҳаёти, нега оила қурмаётгани ва Шаҳзод Султонов билан муносабатлари ҳамма учун қизиқ. Икки ижодкор ҳам шунчаки дўстона муносабатда эканлиги ҳақида кўп айтишади. Instagram тармоғига эса бир неча марта аразлашиб қолишгани ва ярашишгани ҳақида видеолар жойлашди.
— Аллоҳ насиб этган кун оила қураман. Қиз болалар нимани ният қилса, шу содир бўлар экан. Аввалдан уй-жойли бўлиб, сингилларимни турмушга бериб, кейин оила қуришни ният қилардим. Худди шундай бўляпти. Муҳими, болаларим зориқиб қолишини, бугун оила қуриб, бир йилдан кейин “бир-биримизга мос келмадик”, деб ажрашиб кетишни истамайман, дейди актриса Феруза Норматова.
Изоҳ (0)