Одатда актёрлар ролга таклиф этилганида сценарий, гонорар суммаси ва қайси актёрлар иштирок этаётганига қизиқишади. Чунки баъзи актёрларнинг «қора рўйхат»лари бор. Улар кўп ҳолларда «қора рўйхат»даги ҳамкасблари билан бир фильмда суратга тушишни исташмайди.
Дурдона Қурбонова ва Феруза Норматова
Дурдона Қурбонова ва Феруза Норматова «Миллион» жамоасидаги иштирокидан сўнг, бир-бири билан аразлашиб қолган. Дурдона Қурбонова ҳамкасби билан ўртасидаги келишмовчиликни қуйидагича изоҳлаган.
— Нега муносабатимиз яхши эмаслигини у актрисадан сўраш керак. Ўша пайтда ўртамизда ҳар хил гап сўзлар бўлган, ҳозир ҳаммасига тўғри қарайман. Атрофдаги инсонлар ҳа деб итараверишса, унга талпинавермайсиз-ку. Бундан ташқари, саломга яраша алик олинади. У актриса ҳам муомаласига яраша жавоб олган. Лекин ҳозирги кунда уларга нисбатан душманчилигим ҳам, ортиқча гапим ҳам йўқ, — деган актриса Дурдона Қурбонова.
Шаҳзод Султонов ва Шоҳрух Ҳамдамов
Шаҳзод Султонов ва Шоҳрух Ҳамдамов ҳам бир пайтлар яқин дўст бўлишган. Афсуски, ҳозирда молиявий келишмовчилик сабаб уларнинг муносабати бузилган.
— Шоҳрух ўзи суратга олаётган фильмига таклиф этган. «Улуғбек Қодиров ва Фаррух Соипов ‘Ошиқлар’ фильмида бирга суратга тушиб, файз олишган. Биз ҳам бир фильмда суратга тушайлик», деган. Рози бўлганман. Аммо гонорар кейинроқ берилишини айтганди. Тўғри, съёмкага борганимда йўл пули берилган, аммо умумий сумма кейинроқ берилишини айтган. Суратга олиш ишлари якунланганидан кейин аварияга учраб қолдим. Эрталаб тонгги 4:00 да Шоҳрухга қўнғироқ қилдим. Чунки ўша пайтда пул керак эди. «Ҳалиги пулдан берасанми? Аварияга учрадим», десам ҳол-аҳвол сўраб «Йўқ, ҳозир у пулни ололмаймиз, ҳисобга тушмаган. Кейинроқ олдингга ўтаман», деди. Аммо у фильм ижодкорларидан ҳеч ким келмади ва гонораримни ҳам беришмади. Аслида бу гапни айтмоқчи эмасдим. Фақатгина кўрсатувда шердан қўрққаним учун бунга мажбур бўлганман, — дейди актёр Шаҳзод Султонов.
Хонзода ва Дурдона Қурбонова
Дурдона Қурбонова яна бир актриса билан тортишиб қолган. Яъни у Хонзода — болаликдаги дугонаси Дурдона Қурбонова билан умуман гаплашмайди. Бунга сабаб Хонзоданинг интервьюларнинг бирида ўзини Дурдонадан устун кўргани сабаб бўлган.
— Дурдона мендан «Пойдеворим ундан баландроқ» деган гапим учун хафа бўлган. Шу интервьюдан кейин уришиб қолганмиз. Агар профессионал актриса билан бирдек кўтарилган бўлсак ҳам у мендан ўзини устун деб билса, қарши бўлмайман.
Дурдона билан илгари муносабатимиз яхши бўлган. Унинг онаси ҳам жуда яхши аёл. Уйларига ҳам борганман. Сингиллари билан танишганман. Дурдонанинг онаси ҳинд фильмларини яхши кўргани учун қизининг актриса бўлишини истаган. У ижодини коллеж вақтидан бошлаган. Мен эса мактабда ўқиб юрган вақтимдан съёмкаларга борганман. Менимча, у гапимни тўғри қабул қилиши керак эди, — дейди актриса Хонзода.
Зуҳра Солиева ва Саида Раметова
Таниқли актриса Саида Раметова жияни Зуҳра Солиева билан муносабатлари яхши эмас. Улар анча йиллардан буён бир-бири билан гаплашмайди.
— Нега мени бунчалик ёмон кўришлари билмайман. Аммо театрда кўпчиликнинг орасида «Жияним Худо урган инсон. Шунинг учун ҳам ҳалигача уйи ҳам, оиласи ҳам йўқ. Ундан эҳтиёт бўлинглар, илм-у амал қилиб, ролингизни тортиб оляпти», деганларида жуда ноқулай вазиятга тушиб қолганман. Ундан аввал ҳам менга бўлган муносабатлари унчалик яхши эмасди. Юзимдан чимчилаб «Бунча хунук куласан?» дердилар, кулишимни ҳам ёқтирмасдилар. Нима қилай Худо берган ҳусн ва кулги. Атайин шундай кулмайман-ку, дердим. Аммо уйга келиб ойнанинг олдида «Нега бунча хунук эканман», деб йиғлардим. Ўшанда Худойим кулгим орқали машҳурлик беришини билмагандим, — дейди актриса Зуҳра Солиева.
Актриса Саида Раметова эса интервьюларининг бирида жиянидан хафа эмаслигини, уни аллақачон кечирганини маълум қилган.
— Зуҳра Солиева жигарим ва шогирдим. У ниҳолни ўзим экдим, ўстирдим ва бугун мева беряпти. У ёшлик қилиб бир нималар дегандир ёки атрофдагилар ёлғон гапларни етказишгандир. Ёшим катта бўлгани учун бундай нарсаларга эътибор бермайман. Унинг қанотларини синдириб қўйишни истамайман. Унинг раҳматли отаси ва эгизаги Фотимага ваъда бердимми, гапимнинг устидан чиқаман. Унга қўлидан тутиб, «Меҳнат қилсанг, сабр қилсанг машҳур санъаткор бўласан», дегандим.Қизим йўқ бўлгани учун уни қизимдек яхши кўрганман. Уни Тошкентга олиб келиб, ўқиши учун ёрдам бердимми, энди бир-биримизга керак бўлиб юрайлик. Мен уни кечирдим. Мендан ўтган бўлса, у ҳам кечирсин, — деган актриса Саида Раметова.
Зилола Ғуломова ва Машҳура Зулфиқорова
Бу актрисалар ҳам бир-бири билан илиқ муносабатда эмас. Ҳатто бирга фильмда суратга тушишини ҳам исташмайди. Аммо энг қизиғи, Машҳура Зулфиқорова ижро этган ролларга кўп ҳолларда Зилола Ғуломова овоз беради.
— Зилола менга кўп марта панд берган. Менга овоз берса, бу менинг эмас, овоз режиссёрларининг танлови. Бу иши учун ҳақ олади. Унинг олдида ҳеч қандай тили қисиқлик жойим йўқ,— дейди Машҳура Зулфиқорова.Актрисалар ўртасидаги жиддиятга эркак киши сабаб бўлган. У ҳам актёр ва икки йил аввал Зилола Ғуломовага уйланганди. Афсуски, улар кўп ўтмай ажрашишган. Бунга актёрнинг бошқа қиз билан оила қургани сабаб бўлган.
Баҳора Арслонова ва Юлдуз Ражабова«Артист» ситкомида бирга суратга тушган актрисаларнинг бугунги муносабатлари ҳам у қадар илиқ эмас. Бунга Баҳора Арслонованинг «Мендирман Жалолиддин» сериалида бош ролни ижро этган актёр ҳақида жойлаган пости сабаб бўлган.
— «Мендирман Жалолиддин» сериалида ўзимизнинг актёрлар бош ролни ижро этиши керак эди, деб Instagram’га пост қолдиргандим. Бу гапим негадир Юлдуз Ражабовага оғир ботди. Бу билан турк актёрини камситмоқчи эмасман. Аммо ундан-да кучли ўзбек актёрлари бўла туриб, Жалолиддин ролини ўзга миллат вакили ижро этгани мени ҳалигача аччиқлантиради. Афсуски, бу фикрларимни ҳамкасбим Юлдуз Ражабова нотўғри тушунди. Унга фикримни тушунтирмоқчи бўлдим, аммо мавзу чуқурлашиб кетишини истамадим. Бу постдан кейин кўпчилик мени қоралаб, ҳасадгўйликда айблади. Аммо халқ ёнимни олиб, Юлдузга қарата ҳақоратомуз сўзларни айтишди. Шундан сўнг дугонамга ортиқча гап тегишини истамай, постни ўчириб ташлашга қарор қилдим. «Турк актёрига осилмасанг-чи» деган гаплар қиз бола шаънига яхши эмас-ку, — дейди актриса Баҳора Арслонова.
Ёқуб Аҳмедов ва Саида Саидбекова
Бу актёрлар жуфтлиги ҳам бир фильмда суратга тушишмайди. Бунга улар ўртасидаги келишмовчилик эмас, балки аввалги илиқ муносабатлари сабаб экан. Уларнинг бирга ижод қилишларини актрисанинг турмуш ўртоғи қатъий талаб қилиши ҳақидаги гаплар кўп марта қулоққа чалинган.
Мавзуга доир:
- Malibu ойнасини синдирган Дурдона Қурбонова, Шоҳжаҳон Жўраевдан ранжиган Дилфуза Исмоилова, Ҳалима Ибрагимовани «тепган» Аҳад Қаюм. 2021 йилда интернетда «шовқин кўтарган» шоу-бизнес вакиллари
- Голливуд юлдузи Бред Питт қайси актёрлар билан ҳеч қачон бир фильмда суратга тушмаслиги маълум қилинди
- Қанча маблағ таклиф этилса ҳам, бир фильмда суратга тушмайдиган юлдузлар (фото)
Изоҳ (0)