Ғарб иттифоқчиларидан ҳарбий ёрдам етказиб бериш кечикаётгани фонида Украина ер остида ўз қуролларини ишлаб чиқаришни бошлайди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
Биз ер остида қурол ишлаб чиқаришни бошлаймиз, шунда ҳамкорларимиздан етказиб бериш кечикса ҳам Украина аскарлари ўзларини ҳимоя қила олади, деди Зеленский.
Шунингдек, сиёсатчи Украина “урушни Россияга қайтариши, шунда Россия президенти тинчликка интила бошлаши”ни таъкидлади.
Зеленский иттифоқчиларни Украина ҳаво мудофааси имкониятларини оширишга чақирди. Президент шу пайтгача олинган тизимлар учун миннатдорлик билдирди, бироқ ваъда қилинган катта миқдордаги зенит қурилмалари ҳали етказиб берилмаганини айтди.
Дунёда Россия террорининг самарасизлигини таъминлаш учун етарли ҳаво мудофааси тизимлари мавжуд. Мен сизларни биз билан ҳаво мудофааси бўйича ҳамкорликда янада фаолроқ бўлишга чақираман, дея таъкидлади Украина президенти.
Май ойида Испаниянинг El Mundo газетаси Украина қурол ишлаб чиқариш учун ер ости заводларининг махфий тармоғини қургани ҳақида ёзганди. Манбаларга кўра, Украина заводлари уруш бошида кенг кўламли вайронагарчиликлар туфайли ер остига кўчирилган. Баъзи заводлар бутунлай ер остида, баъзилари эса махфий қурилган.
Изоҳ (0)