Бангладешнинг собиқ бош вазири Шайх Ҳасина қотилликда айбланмоқда. Бу ҳақда Бангладеш маҳаллий нашрларига таяниб, BBC нашри хабар берди.
Шайх Ҳасинага нисбатан полиция томонидан фуқаролик тартибсизликлари пайтида бир кишининг ўлдирилиши юзасидан қотиллик бўйича тергов иши қўзғатилган. Фуқаролардан келадиган даъволарга қараб тергов иши яна кенгайтирилиши мумкин.
Пойтахт Даккада бир неча ҳафта давом этган қонли тартибсизликлар ортидан аввалги ҳукуматда фаолият юритган яна олти нафар юқори давлат амалдорларининг ҳам хатти-ҳаракатлари тергов қилинмоқда. Амалдорларга нисбатан давлат мулкини ўмариш, коррупция ва фуқароларга зўравонлик қилиш каби айбловлар қўйилган.
Шайх Ҳасина ҳозирда Ҳиндистонда экани айтилган. У ўзига қўйилган айбловларни кескин рад этган. Адолатни тиклаш учун собиқ бош вазирни эмас, балки намойишларни ташкил этганларни жазога тортишни талаб қилган.
Шайх Ҳасина бошқаруви остида қабул қилинган янги меҳнат квотаси тўғрисидаги қонунга эътироз билдирган талабалар ҳаракатидан бошланган намойишларда 500 нафарга яқин фуқаро ҳалок бўлган. Айрим сиёсий арбобларга кўра, полиция шахсан бош вазир топшириғи билан намойишчиларни ўққа тутган. Бу эса кўплаб йўқотишларга, норозиликларнинг қайтдан алангаланиб кетишига олиб келган.
Шайх Ҳасинага нисбатан биринчи тергов иши Даккада яшовчи маҳаллий баққол Абу Саид ўлими юзасидан қўзғатилган. Абу Саид норозиликлар пайтида бошидан ўқ еб, ҳалок бўлган. Унинг таниши, тадбиркор Амир Ҳамза эса фуқаронинг ўлимида Шайх Ҳасинани айблаб, судга мурожаат қилган.
Собиқ бош вазирга нисбатан қотиллик айблови мамлакат ичида кескин тус олиши мумкин. Чунки намойишларда ҳалок бўлган фуқаролар кўп ва аҳолининг катта қисми бунда бевосита Шайх Ҳасинани айблайди.
Шайх Ҳасина намойишчиларни миллатни беқарорлаштириш учун курашаётган террорчилар деб атаган. Бу эса унинг мамлакатдаги карьерасини том маънода чиппакка чиқарган.
Намойишлар нисбатан тинган Бангладешда муваққат ҳукуматга ҳозирда тинчлик йўналишида Нобель мукофоти совриндори Муҳаммад Юнус раҳбарлик қилмоқда. У микроиқтисодиётни жорий қилиш ва мамлакатда ижтимоий сифат даражасини кўтаришга ваъда берган.
Изоҳ (0)