Сурхондарё вилояти Шеробод туманида жойлашган қўриқхонада йирик ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Ҳокимлик ахборотида 2025 йил 23 июль куни соат 15:52 ларда Сурхон давлат қўриқхонаси Хўжанқо бўлимига қарашли тахминан уч гектар майдонда ёнғин содир бўлгани қайд этилган. ФВВ эса беш гектар майдонда олов ёнаётгани бўйича мурожаат келиб тушганини маълум қилган.
Қайд этилишича, ёнғин-қутқарув экипажлари зудлик билан воқеа жойига етиб борган. Оловни ўчиришга Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 35 нафар, Шеробод, Қизириқ, Бандихон, Ангор, Музработ ва Термиз туманлари фавқулодда вазиятлар бўлимларидан 105 нафар ходим жалб этилган.
Бундан ташқари, Ўрмон хўжалиги бўлимининг 10 нафар ишчиси ҳамда Мудофаа ва чегара қўшинларининг 100 нафар ҳарбий хизматчиси ҳам ёнғинни ўчириш ишларига сафарбар этилган.
“Ёнғин соат 22:25 да қуршаб олинди”, дея маълум қилди ФВВ.
Бундан тўрт йил илгари ҳам мазкур қўриқхона ҳудудида ёнғин чиққанди. Ўшанда 35 гектар ерни қамраган оловни ўчиришга иккита вертолёт ва 200 нафар ҳарбий хизматчи жалб этилган. Вертолётлар 8 соат 20 дақиқа давомида парвоз қилиб, ҳар бири 10 мартадан ёнғинга сув сепган.
Изоҳ (0)