Президент Шавкат Мирзиёев 23 июль куни Ҳисоб палатаси фаолияти ва ижро тизимини такомиллаштириш чоралари бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳозирда давлат молиявий интизоми бузилишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жорий йил дастлабки олти ойда аудит тадбирлари ўтказилган. Натижада 5 трлн 600 млрд сўм самарасиз бюджет харажатлари қисқартирилган, 5 трлн сўмлик қўшимча тушум имконияти аниқланган.
Мамлакатда “Масофавий аудит” ахборот тизими ишга туширилган. Ҳозиргача у орқали 4 трлн сўмлик молиявий камчиликлар бартараф этилган.

Хабарга кўра, тақдимотда мутасаддиларга тизимга сунъий интеллектни жорий қилиб, камчиликларни келтириб чиқараётган омилларни бартараф этиш вазифаси қўйилган.
“Ўтган йили 12 та вазирликда молиявий назорат бўйича ташкил қилинган ситуацион марказларнинг кўрсаткичлари қайд этилиб, бу тизим жорий йилда яна 10 та вазирлик ва идорага кенгайтирилиши белгиланди. Шу билан бирга, бюджет ташкилотларида ички аудит ва ички назорат тизимларини такомиллаштириб, Ҳисоб палатаси билан ахборот алмашувини кучайтириш бўйича топшириқ берилди”, дейилади манбада.
Тақдимотда давлат аудити халқаро стандартлар даражасига чиқарилаётгани ҳам айтилган. Ҳисоб палатаси ходимлари бир йил давомида халқаро аудиторлар билан биргаликда ишлаб, тажриба тўплагани қайд этилган.

“Натижада ташқи қарз ҳисобидан бўлаётган лойиҳалар халқаро мезонлар асосида аудитдан ўтказилмоқда. Бундай тартибни лойиҳаларнинг илк босқичларидан бошлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди”, дея маълум қилган президент ахборот хизмати.
Тақдимотда президент мутасаддиларга ижро интизомини мустаҳкамлаш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш ва тежамкорликни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берган.
Изоҳ (0)