Henley Passport индекси дунёнинг энг кучли паспортлари рейтингини янгилади. Унда Ўзбекистон паспорти 74-ўринда қайд этилган.

Ўзбекистон ва Марказий Осиё
Нашр маълумотларига кўра, Ўзбекистон паспорти эгалари 62 та мамлакатга визасиз кира олади (Нашр Уммон давлати Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режимни жорий қилганини инобатга олмаган — “Дарё” изоҳи).
Мамлакат 2024 йилда 80-ўриндан жой олганди. Минтақа давлатлари ичида Қозоғистон фуқароларининг паспорти энг кучлиси деб топилди. Қўшни республика фуқаролари 79 та давлатга визасиз кира олади.
Марказий Осиё давлатларининг рейтингдаги ўрни қуйидагича:
- Қозоғистон – 63-ўрин (79 та давлатга визасиз режим);
- Қирғизистон – 73-ўрин (63 та давлатга визасиз режим);
- Ўзбекистон – 74-ўрин (62 та давлатга визасиз режим);
- Тожикистон – 80-ўрин (56 та давлатга визасиз режим);
- Туркманистон – 85-ўрин (49 та давлатга визасиз режим).

Рейтингда биринчи ўрин Сингапурга тегишли. Осиё давлати кетма-кет иккинчи йил паспорт бўйича рейтингни бошқариб келмоқда. Мамлакат ўз фуқароларига 193 та давлатга визасиз кириш имкониятини яратган. Иккинчи ўринда Япония ва Жанубий Корея жойлашган. Ушбу давлатлар фуқаролари 190 та мамлакатга визасиз бора олади. Ундан кейинги поғоналар Европа мамлакатлари томонидан банд қилинган.
Европа Иттифоқининг 7 та давлати — Дания, Финляндия, Франция, Германия, Ирландия, Италия ва Испания — 189 давлатга визасиз кириш имконияти билан дунёда учинчи ўринни эгаллаган. Тўртинчи ўрин эса Австрия, Бельгия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Португалия ва Швецияга насиб этган. Ушбу мамлакат фуқаролари дунё бўйлаб 188 та давлатга виза муаммоларисиз бора олади. Греция, Швейцария ва Янги Зеландия кучли бешликни якунлаб берган.

Умумий олганда, Европанинг 28 мамлакати Шенген визаси ва кучли дипломатик муносабатлар туфайли рейтингда 10 таликка кира олган.
Ўзбекистонликлар қайси давлатга визасиз бора олади?
Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги давлатларга визасиз бориш имкониятига эга.

2024 йилда Ўзбекистон фуқаролари учун БАА, Таиланд ва Уммонда визасиз бўлиб туриш ҳуқуқи берилган. 2025 йил 1 июндан бошлаб Хитойга визасиз бориш имконига эга бўлган. Россияга келаётган Ўзбекистон фуқаролари 2025 йил 30 июндан бошлаб “Госуслуги РуID” мобил иловаси орқали олдиндан рўйхатдан ўтиши белгиланди.
Кения, Сейшел ороллари, Шри Ланка ҳамда Россия давлати саёҳатдан олдин электрон тарзда тасдиқланадиган кириш рухсатномаси талаб қилади.
Рўйхатда келтирилган 28 мамлакатга келган Ўзбекистон фуқаролари аэропортда виза олиши талаб қилинади.
Изоҳ (0)