“Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Исроил шимолидаги ҳарбий иншоотларга 12 июнь куни кенг кўламли ҳаво ҳужуми уюштирган. Бу ҳақда Al Arabiya нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, ҳужум “Ҳизбуллоҳ” қўмондони Исроил томонидан ўлдирилишига жавоб тариқасида амалга оширилган. “Ҳизбуллоҳ” жанубий қуролли қисмлари раҳбари Талеб Абдуллоҳ Тель-Авив кучларининг Жоуя пунктига ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган эди.
Исроил расмийлари ҳужумни тасдиқлаган. Ливан ҳудудидан Исроилнинг турли нуқталарига кенг кўламда ва тартибсиз равишда снарядлар улоқтирилгани маълум қилинган.
“Ливандан 90 га яқин снарядлар улоқтирилди. Бир нечтаси тутиб олинган, бироқ кўпчилиги Исроил ичкарисида келиб урилган. Қатор шимолий ҳудудларда ёнғинлар келиб чиққан”, — дейилган Исроил томони эълон қилган баёнотда.
Тель-Авивдаги манбаларга кўра, “Ҳизбуллоҳ” серияли ҳужум ташкил этган. Биринчи ҳужумда 90 га яқин, бир соатлик фарқ билан ташкил этилган иккинчи ҳужумда эса 70 га яқин снаряд ташланган.
Ҳужум оқибатида қурбонлар ва ҳалок бўлганлар ҳақида ҳозирча маълумот тақдим қилинмаган. Исроил ҳарбий иншоотлари ва мамлакат шимолидаги базаларига етказилган зарар кўлами ҳақида ҳам маълумот мавжуд эмас.
Изоҳ (0)