“Ҳизбуллоҳ” гуруҳи 6 июнь куни чегара ҳудудида уюштирган ҳужум оқибатида 1 нафар Исроил аскари ҳалок бўлган. Бу ҳақда Исроил манбаларига таяниб, Al Arabiya нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, “Ҳизбуллоҳ” пайшанба куни Исроил шимолидаги, чегара ҳудудига яқин Хурфейш шаҳрига ҳаво ҳужуми уюштирган. Ҳужумда асосан Исроил ҳарбий иншоотлари нишонга олинган.
Тель-Авивдаги манбалар бир нафар аскар ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Яраланганлар ҳақида маълумот тақдим қилинмаган.
Яқин Шарқ манбалари Ливан ва Исроил чегарасида ҳар куни тўқнашувлар содир бўлаётганини билдирган. Қирят Шемона ва Метула атрофида аскарлар душман томон ҳудудига ўқ узиш ҳолатлари кузатилган.
Тель-Авив “Ҳизбуллоҳ” ҳужуми оқибатида ҳарбий иншоотларга етказилган талафот кўлами ҳақида ошкор қилмаган.
Олдинроқ Тель-Авив нашрлари Буюк Британия Ливан ҳукуматига июнь ойи ўрталарида Исроил ҳужуми содир бўлиши ҳақида огоҳлантириш бергани ҳақида ёзган эди. Лондон расмийлари Байрутдаги ҳукуматни мудофаага жиддий эътибор қаратишга ҳамда келишув музокараларига қайтишга чақирган.
Изоҳ (0)