Ўзбекистон тарихда илк маротаба Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий Кенгаши аъзолигига сайланди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Женева шаҳрида давом этаётган Халқаро меҳнат конференциясининг 112-сессияси доирасида бўлиб ўтган Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий Кенгаши аъзолигига сайловларда Европа ҳудудидан энг кўп овоз тўплаб Ўзбекистон кенгаш аъзолигига сайланган.
“Бу ўз ўрнида Ўзбекистоннинг глобал меҳнат сиёсатида фаол иштирок этишига, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан қабул қилинаётган қарорларда, меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш юзасидан янги таклиф ва ғояларнинг ишлаб чиқилишида бевосита Ўзбекистонинг ҳам фаол иштирок этишига янги имкониятларни очади”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 10 март куни Cоtton Campaign халқаро коалицияси Ўзбекистон пахтасига эълон қилинган глобал бойкотни бекор қилган эди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Ўзбекистон пахтасига қўйилган бойкотни бекор қилиш тўғрисидаги қарорини олқишлашини маълум қилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Cоtton Campaign Ўзбекистонни қора рўйхатидан чиқаргани ҳам жуда катта имконият эканлигини” таъкидлаган эди. “Бунинг ҳисобига истеъмол маҳсулотларининг хом ашёсини олиб келиб, уларни қайта ишлаш орқали қўшимча 1,5 миллиард долларлик маҳсулотни бемалол экспорт қилса бўлади”, — деган эди давлат раҳбари.
Изоҳ (0)