Исроил армиясининг жанговар самолётлари Суриянинг Ҳалаб шаҳри яқинидаги ҳарбий позицияларга ҳужум қилди. Оқибатда камида 12 нафар аскар ҳалок бўлди, бир неча ҳарбий яраланди. Бу ҳақда Аl Hadath телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, Исроил армияси 3 июнга ўтар кечаси Суриянинг Хайян районига ўт очган. У ерда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушган ва ракеталарнинг бир қисмини тутиб олган.
Ҳаво ҳужуми натижасида бир неча киши ҳалок бўлди ва моддий зарар етди, — дейди Сурия Мудофаа вазирлигидаги манба SАNА агентлигига.
Исроил ҳарбий расмийлари Сурияга зарбалар Эрон томонидан қўллаб-қувватланган жангчиларга, жумладан, “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши қаратилганини айтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 1 апрель куни Исроил Дамашқдаги Эрон консуллигига авиазарба берганди. Ҳужум оқибатида 11 киши, жумладан, 2016 йилгача Ливан ва Суриядаги “Қудс” элита кучларига раҳбарлик қилган Эрон ҳарбий маслаҳатчиси генерал Муҳаммад Ризо Зоҳидий, унинг ўринбосари генерал Муҳаммад Ҳоди ҳожи Раҳимий ва яна беш эронлик зобит ҳам ҳалок бўлганди. Шунингдек, уч нафар Сурия ва бир нафар Ливан фуқароси вафот этган. Бунга жавобан 14 апрель куни Эрон тунда 300 дан ортиқ дрон, қанотли ва баллистик ракеталар билан Исроилга ҳужум қилганди.
Исроил армиясининг даъво қилишича, 14 апрель куни мамлакатга яқинлашаётган ракета ва дронларнинг 99 фоизи Arrow узоқ масофали ракетага қарши мудофаа тизими ва қирувчи самолётлар томонидан йўқ қилинган. Эрон ҳарбий штаб-квартираси ҳужумни “муваффақиятлироқ” деб атаган ва жавоб ҳужуми бўлган тақдирда “каттароқ куч билан” зарба беришни ваъда қилган.
Изоҳ (0)