Наманган вилояти Чуст туманида қалбаки АҚШ долларларини сотаётган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Чуст туман бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаро Ж.Ф. (муқаддам судланган) фуқаро Н.З.га қалбаки 1 650 АҚШ долларини ҳақиқий 1 000 долларга сотган вақтида ушланиб, жами 33 дона 50 долларлик қалбаки купюралар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан олдин Навоий вилояти ИИБ ТҚХ Жиноят қидирув бўлими, ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ва департамент ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда жиноий гуруҳ томонидан 400 миллион сўм сохта пуллар 160 миллион сўм ҳақиқий пулларга алмаштирилаётган пайтда қўлга олинганди. Апрель бошларида эса Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида харидор қалбаки пулга iPhone сотиб олгани, Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида қалбаки пуллар муомалага киритилишининг олди олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)